Оролбўйида навбатдаги оммавий қабул бўлиб ўтди

    Ижтимоий ҳаёт 5 март 2021 1118

    Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Исламов раҳбарлигидаги республика ишчи гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасида суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабул ўтказилмоқда.

    Жумладан, Нукус шаҳрида бошланган тадбирнинг илк кунида Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари мурожаатчиларнинг аризаю шикоятларидаги масалаларга ечим излади.

    Қорақалпоғистон Республикасида айнан суд-ҳуқуқ тизимига оид мурожаатларни кўриб чиқиш учун алоҳида мулоқот майдони ташкил қилинаётгани бежиз эмас. Статистик маълумотларга кўра, 2020 йил ва жорий йилнинг ўтган даврида Президент виртуал қабулхонаси ва Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхоналарига Оролбўйи аҳолисидан 54 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 51 минг 210 дан ортиғи кўриб чиқилган. Мурожаатларнинг 27,7 мингдан зиёдида кўтарилган масалага ечим топилган, қолган мурожаатлар бўйича тушунтириш берилган.

    Мазкур мурожаатларнинг салмоқли қисми эса суд, прокуратура ва ички ишлар тизимларига дахлдор. Шу даврда суд тизими бўйича келиб тушган 1,8 мингдан зиёд мурожаатнинг 556 таси, прокуратура фаолиятига оид 2 минг 635 та мурожаатнинг 1 минг 143 таси, ички ишлар тизимида кўриб чиқилган қарийб 2 минг 950 та мурожаатнинг 1,8 мингтаси қаноатлантирилган бўлса-да, мазкур мурожаатлар таҳлили бу борада Оролбўйи ҳудудида қатор муаммолар борлигини кўрсатди.

    Мазкур оммавий қабуллар эса суд-ҳуқуқ масаласида ечим излаб юрган юзлаб фуқароларга ўз муаммоси юзасидан раҳбарлар билан юзма-юз гаплашиб олиш учун ниҳоятда муҳим платформа бўлиши илк кунги мулоқотларда яна бир бор ўз исботини топди. Ҳар бир соҳа бўйича масалалар алоҳида шўъбаларда шу тизимларнинг Қорақалпоғистондаги ҳудудий раҳбарлари билан бирга кўриб чиқилгани эса мурожаатчилару масъуллар учун ҳам ҳар бир масалани чуқур ўрганиш, муаммоларга оптимал ечим топиш имконини берди.

    Нукуслик Гулсанам Буркутова 2019 йилда фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига ноҳақ ишдан бўшатилганини айтиб, ишга тиклаш масаласида даъво аризаси берган. Суд қарорида унинг ишдан тўғри ва қонуний бўшатилгани исботланиб, аризаси рад этилган. Кейинги инстанцияда ҳам суд қарори ўз кучида қолдирилган. Ишсиз қолган аёл бу галги оммавий қабулда Судьялар олий кенгашидан суд қарорини қайта кўриб чиқишни сўради. Масъуллар эса мурожаатчига суд тўғри қарор қабул қилганини, яна неча марта мурожаат қилса ҳам биринчи инстанция суди қарори ўзгармаслигини айтиш баробарида, бошқа соҳа раҳбарлари билан бирга кенгашиб, уни доимий иш билан таъминлаш масаласини ҳам ҳал қилди. Гулсанам Буркутова шу куннинг ўзида “Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиалига назоратчи вазифасига ишга қабул қилинди.

    – 2018 йили автоҳалокат туфайли иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолдим, – дейди нукуслик Роза Қаипназарова. – Тошкент шаҳрига бориб оёғимни жарроҳлик амалиёти билан даволатиш учун анча маблағ зарур бўлди. Ўтган йили оммавий қабулда мурожаатим асосида менга маҳаллий бюджетдан етарли маблағ ажратиб берилди. Мана, ўтган 5-6 ойда ҳаётимда янги саҳифа бошланди. Олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлганим учун бу галги қабулда Бош прокуратура раҳбарларидан ўзимга доимий иш топишимда ёрдам сўраган эдим. Мурожаатим ижобий ҳал этилиб, ишга йўлланма берди.

    Позилбек Абдужалиевнинг Нукус шаҳридаги 2 сотихдаги 6 хонали ҳовлиси 2016 йили бузилишга тушган. Бироқ бунинг эвазига уларга ер ҳам ажратилмаган, компенсация ҳам тўланмаган. Мурожаатчининг айтишича, бузилган уй-жой учун компенсация тўлаши шарт бўлган қурилиш корхонаси вакили уни алдаб, уч фарзанди ва ногиронлиги бор аёли билан кўчада қолдирган.

    Бош прокуратура масъуллари шу масалада сарсон бўлиб юрган бу оиланинг мурожаатини ўз назоратига олди. Бузилган уйнинг аниқ баҳосини чиқариш, мулкдор ва қурилиш корхонаси ўртасидаги келишмовчиликка ҳуқуқий баҳо бериш, айбдорларни аниқлаш учун терговга қадар текширув ўтказиш, мурожаатчи айтаётган фирибгарлик ҳолатини аниқлаш ва адолатни қарор топтириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасига аниқ муддатли қатъий топшириқ берилди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates