Оролнинг артемия цисталари

    Яқин истиқболда йилига 30 миллион долларга экспорт қилиниб, 500 та доимий, 2 мингта мавсумий иш ўрни яратиш имконини беради.

    Жорий йил 9 март куни Президентимизга Қорақалпоғистон Республикасида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди. Улардан бири артемия цистасини қайта ишлаш бўйича лойиҳа бўлиб, бу борада фаолият кўрсатадиган давлат унитар корхонасининг экспорт қувватини 30 миллион долларга етказиш мўлжалланмоқда.

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг ўтган йил 4 августдаги сонида ушбу митти жониворнинг Оролда кўпайиб бориши омиллари ва уни қайта ишлаш имкониятлари ҳақида таҳлилий мақола чоп этилган эди. Мавзуни давом эттирар эканмиз, табиийки, кўзда тутилаётган янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, экспортни кенгайтириш, иш ўринлари очиш имкониятлари эътиборимиз марказида турди.

    Юз миллион йиллик оддий организм

    Ўтган асрнинг иккинчи ярмига қадар Орол денгизида балиқнинг 60 дан зиёд тури мавжуд бўлиб, уларнинг 40 дан ортиғи овлангани ва қайта ишлангани аллақачон тарих саҳифаларидан жой олган. Эндиликда унинг сувида фақат битта жонзот — артемия яшаяпти. У жабраоёқлилар туркумига мансуб қисқичбақасимонларнинг бир тури ҳисобланади.

    Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотлар 1990 йилларнинг ўрталарига келиб артемиялар Орол денгизининг Ўзбекистон томонидаги акваториясини тўла эгаллай бошлаганини кўрсатди. Денгизнинг жадал суръатлар билан қурий бошлаши ва шўрланишининг ортиб бориши бунинг асосий омилларидан бири бўлди. Табиийки, шўрланиш ошган сари денгиздаги жонзотлар қирила бошлади, бу, ўз навбатида, артемияларнинг кўпайишига шароит яратди

    Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси бош мутахассиси Алишер Ёқубовнинг тушунтиришича, артемиялар ер юзида, асосан, хлорли, сульфатли, карбонатли, ҳар литрида 300 граммгача тузи бор шўр сувда яхши кўпаяди. Улар мутацияга учрамай, 100 миллион йиллардан буён ўзгаришсиз яшаб келаётган оддий организм ҳисобланади. Дунёда ушбу жониворнинг бир нечта хили бўлиб, Оролда яшаётганлари Artemia Parthenogenetica турига киради.

    Кейинги ўн йилликда Орол денгизи сув ҳавзасининг шўрланиши, ҳарорати ва кислород миқдори артемияларнинг ривожланиши учун жуда қулай муҳит яратди. Уларнинг урғочиси бўлишига қарамай, ўз-ўзидан кўпайиш хусусиятига ҳам эга. Ана шу даврда ҳавзанинг қирғоқлари бўйларидаги сувлар қизғиш, пушти тусга киради. Бу унинг тухуми, яъни цисталари дунёга келиши энг қизғин паллага етганини намоён этади.

    Орол бўйларидаги кўлларда цисталарнинг ўртача диаметри 235,5 микромиллиметр. Уни фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Артемия цисталари йиғиб олингандан кейин махсус тайёрланган ҳовузга сув қуйилиб, белгиланган ҳароратда личинкалар пайдо қилинади.

    Ноёб маҳсулотни ишлатиш ва экспорт қилиш кўламлари

    Дунё тажрибасида артемия цисталари асосида олинган маҳсулотлар 5 та соҳада, яъни аквамаданият саноатида, қишлоқ хўжалигида, фармацевтика, тиббиёт ва косметологияда кенг қўлланилади.

    — Уларнинг қарийб 90 фоизи аквамаданият соҳасида ишлатилади, – дейди Алишер Ёқубов. — Чунки ушбу ноёб маҳсулотнинг таркиби протеин, аминокислота ва витаминларга бой. Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳайвонларнинг биофаол қўшимча озуқаси, ветеринарияда дори воситаси ҳамда ўғит сифатида микробиологик жараёнларни фаоллаштиришда жуда асқатади.

    Фармацевтика, тиббиётда артемия цистаси бойитилган озуқа маҳсулоти сифатида жуда машҳур. Уни эндокрин ва қон томири тизими касалликларининг олдини олишда, озиқланишда биологик фаол қўшимча сифатида, шунингдек, нуклеин кислотаси, йод манбаси, канцерегон касалликларни даволашда саратонга қарши дори сифатида қўлланади.

    Артемия цистасининг яна бир хусусияти, у терининг иммунитетини табиий мустаҳкамлайди, ультрабинафша нурлардан асрайди, рангини яхшилайди. Шунинг учун ушбу маҳсулот бутун дунёда, асосан, ривожланган Шарқ давлатларида косметология соҳасида бебаҳо маҳсулот ҳисобланади.

    АҚШ, Хитой, Россия, Қозоғистон артемия цистасини жаҳон бозорига етказиб берувчи етакчи мамлакатлар сирасига киради. Лекин Қозоғистон ўз маҳсулотини хомашё сифатида 2 доллардан хорижга сотаётган бир кезда Россия уни қайта ишлаш орқали 12 доллардан экспорт қиляпти.

    Қизиғи шундаки, жаҳонда артемия цистасини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича Бельгиянинг NV компанияси пешқадамлик қилади. Аслида эса мазкур мамлакатда умуман бу жонзотнинг ўзи йўқ. Хомашё четдан келтирилади ва унинг 500 граммлик тайёр маҳсулоти 150 евро туради.

    Мутахассислар фикрича, агар чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиш учун зарур шароит яратилса, тайёр маҳсулотни 50 дан то 250 долларгача сотиш имконияти мавжуд.

    Орол денгизининг мамлакатимиз ҳудудидаги қисмидан артемия цисталарини йиғиб олувчи тадбиркорлик субъектлари сони йил сайин ортиб бормоқда. 2010 йилда 1 та субъект, 2018 йилда 23 та субъект шу фаолият билан шуғулланган бўлса, ўтган йилга келиб улар сони 45 тага етди.

    — Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги “Ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш ва ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланиш соҳасида рухсат бериш тартиб-тамойилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарорига асосан, тадбиркорлик субъектлари артемия цисталарини йиғиб олиш ҳажмлари квотаси бўйича қўмитамизга мурожаат қилади, — дейди Алишер Ёқубов. — Улар фаолияти ўрганилиб, таҳлиллар асосида хулоса қилинади. 2020 йилга келиб қўмитамиз томонидан рухсатнома олган субъектлар орасида Хитой, Россия, Қозоғистон, Вьетнамдан сармоя киритиб, бу ерда қўшма корхона шаклида ишлаётган инвесторлар ҳам бор. Улар йиғилган артемия цисталарини шу ерда бирламчи қайта ишлаб, экспорт қилиш билан ҳам шуғулланади.

    Мўйноқда жойлашган “Аralskaya artemia“ қўшма корхонаси ана шундай субъектлардан бири. У 2017 йилда ташкил топганида, орзу-мақсадлар катта, лекин ростини айтганда, имкониятлар ҳаминқадар, таваккалчиликка асосланган эди. Яъни, изланувчан тадбиркор Саъдулла Юсуповнинг режаси аниқ, 130 километр нарига чекинган Оролда артемиялар мўл бўлишига қарамай, маҳсулотга дастлабки ишлов берувчи мўъжазгина цехга ҳам эга эмас эди.

    Ана шундай бир кезда, 2017 йилнинг 28 февралида эълон қилинган “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори аҳолида яқин келажакка ишонч уйғотган бўлса, унга ва бошқа тадбиркорларга ривожланиш учун кенг йўл очди. Унда 52,3 миллиард сўм бўлган 72 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, ҳудудга сармоядорларни кенгроқ жалб қилиш ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида банк кредитлари, фойдаланилмай ётган бўш биноларни ажратишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган эди.

    — Ўтган асрнинг олтмишинчи, етмишинчи йилларида яқин-йироққа машҳур бўлган Мўйноқ балиқ консерва заводи бинолари узоқ йиллардан буён ишламатилмагани боис қаровсиз, хароба ҳолга келиб қолган эди, — деб эслайди тадбиркор. — Ана шундай биноларнинг кичкина бир бўлаги корхонамизга ажратиб берилди. Биз уни тўла қайта қуриб, артемия цисталарига дастлабки ишлов берувчи цехга айлантирдик . Иш кўламига қараб, унга совутгичлар харид қилдик, махсус ҳовузлар қурдик, сувни фильтирловчи ускуналар ўрнатдик.

    Бу, ўз навбатида, маҳсулот сифатини яхшилашга, экспорт кўламини оширишга имконият яратди. Масъулияти чекланган жамият негизида россиялик ва хитойлик ҳамкорлар билан қўшма корхоналарга асос солинди. 2018 йилда экспорт миқдори атиги 200 минг доллар атрофида бўлса, 2000 йилда пандемия даври мураккабликларига қарамай, бу миқдор беш баробарга ошди. Юздан ортиқ мўйноқлик иш билан таъминланган.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги “Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида 1 триллион 485 миллиард 176 миллион сўм маблағ ажратилди. Ўтган йилнинг ўзида қатор объектлар қурилди, капитал таъмирланди ва фойдаланишга топширилди. Янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий корхоналар қад рослади. Мўйноқ ҳар жиҳатдан кўркам ва замонавий масканга айланди..Бунинг амалий мисоли сифатида артемия цисталарини қайта ишлаб, ҳудуднинг экспорт ҳажми ортишига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган "Jasmine gold group" МЧЖ корхонасини ҳам келтиришимиз мумкин.

    Корхона менежери Омонйўл Мамбетовнинг тушунтиришича, артемияларни тўлқин ва шамоллар денгиз қирғоқларига суриб келади ёки чиқариб ташлайди. Уларнинг вазни қумдан ҳам енгил. Бир граммида 210-230 та фақат микроскоп орқали кўриш мумкин бўлган жонивор бўлади. Улар мосламаларда йиғиб олинади, Мўйноқдаги корхонага келтирилиб, махсус тайёрланган ҳовузда белгиланган ҳарортада личинкалар пайдо қилинади. Бу личинкалар, айниқса, балиқ ва қисқичбақаларнинг энг мазали таоми. Масалан, оддий омихта ем билан боқилган балиқ личинкаларининг 50 фоизи тирик қолиб ўсадиган бўлса, артемия цисталари билан озиқланганларининг 90 фоиздан кўпроғи ҳеч қандай касалликсиз ривожланади. Артемияни ёз ойларини ҳисобга олмаганда йилнинг бошқа мавсумларида бемалол йиғиш мумкин.

    Орол ҳақида гап борганда, кўпчилик унинг фожеали томонларини кўз ўнгига келтиради, дейди Саъдулла Юсупов. — Лекин, бу тўғри эмас. Юзлаб турдаги қушлар макон қурган Судочье” ва унинг ёнидаги кўлларни, худди ўзга сайёрага ўхшаб кетадиган Устюрт чинкларини, каньонларини, Устюрт кенгликларидаги тарихий обидаларни кўрган киши бу маконга меҳр боғлаши табиий.

    Яна бир қизиқ ҳолат. Судочье ва унинг атрофидаги кўлларни фламинголар ҳам ватан қилган. Маҳаллий тилда қизилғоз деб аталади. Улар моллюскалар, ҳашарот личинкалари ва қурт-қумурсқалар билан ҳам озиқланади. Лекин унинг асосий озуқаси майда қизил артемия ва унинг тухуми (цистаси). Шу боис баҳор-куз ойларида Орол денгизи қирғоқларида фламинго тўдаларини учратиш мумкин. Энг қизиғи, фламинголар ушбу артемиялар билан озиқланиб, танасига ёғ йиғади, натижада пушти рангга кира бошлайди. Улар, айниқса, кўпайиш вақтида артемияни кўпроқ тановул қилар экан.

    Тадбиркорнинг қайд этишича, айни кунда россиялик ишбилармонлар билан артемиянинг янги турларини парваришлаш устида иш олиб борилмоқда. Лойиҳа ишга тушса, унинг бир граммида 240-270 та артемия ҳосил қилиш мумкин бўлади. Япония, Эрон, Тожикистон тадбиркорларидан ҳам ушбу маҳсулот экспортига доир турли хилдаги таклифлар илгари суриляпти.

    Ҳақиқатан, чет элда Оролда тайёрланаётган артемия цисталарига бўлган талаб йил сайин ортиб боряпти. Барча тадбиркорлик субъектлари томонидан 2018 йилда 568,6 тонна циста 1,8 миллион АҚШ долларига сотилган бўлса, 2020 йилга келиб бу миқдор мос равишда 2040 тоннани ва 8 миллион 203 минг долларни ташкил этган. Бу 2019 йилдагига нисбатан экспорт ҳажми 4,2 баробар ортганидан далолат беради.

    Яна бир муҳим жиҳати, яратилаётган иш ўринлари ҳам кўпайиб боряпти. Тадбиркорлик субъектлари мавсумий ишга жалб этганларни ҳам ҳисобга олганда, мўйноқлик 500 дан ортиқ фуқаро доимий даромад манбаига эга бўлмоқда.

    Янги лойиҳалар, янги иш ўринлари

    2020 йилнинг 11 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳокимлиги ҳузурида “Орол артемия саноат” давлат унитар корхонаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Артемия цистасини овлаш ва қайта ишлашни комплекс ривожлантириш дастурларини, ушбу соҳада илмий-техник, технологик, инвестиция ва экспорт фаолиятини амалга ошириш мазкур корхонанинг асосий вазифалари сирасига киради. Жонзотларнинг табиий ўсиш майдонларидан оқилона фойдаланган ҳолда, артемия цистасини саноат асосида чуқур қайта ишлаш ҳамда улардан юқори қўшилган қийматга эга бўлган экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, янги қувватларни ташкил этишда илғор технологияларни жорий этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

    — Президентимизга шу йил 9 март куни Қорақалпоғистонда амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари тақдимоти чоғида Орол цистаси бўйича давлат унитар корхонаси томонидан яқин истиқболда қилинадиган ишлар бўйича ҳам маълумот берилди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Алибек Камолов. — Мазкур лойиҳага Туркия, Хитой, Россия ва Бельгия инвесторлари томонидан киритиладиган 30 миллион долларлик инвестиция эвазига корхона ташкил этиб, йилига 3 минг 500 тонна артемия цистасини қайта ишлашни йўлга қўйиш режалаштирилган. Унинг экспорт қуввати 2023 йилга бориб 30 миллион долларга етиши, Бельгия, Россия, Озарбайжон, Туркия, Вьетнам, Латвия каби мамлакатлар маҳсулотнинг асосий харидори бўлиши мўлжалланган. Замонавий технологиялар асосида ишловчи корхонада 500 та доимий, 2 мингта мавсумий иш ўрни яратилади.

    Лойиҳанинг ўз вақтида бажарилиши ва изчил ривожлантирилиши жаҳон бозорида Ўзбекистон яна бир соҳада етакчилар сафидан муносиб ўрин эгаллашига имкониятдир. Яна бир муҳим жиҳати, Оролнинг артемия цисталари ўзининг табиий хусусияти ва таркиби бўйича дунёнинг бошқа жойларидаги турдошларидан устун бўлса устунки, ҳеч кам эмас. Аслида бу ҳам Яратганнинг Оролбўйининг ўта оғир экологик шароитда умргузаронлик қилаётган одамларига берган яна бир бебаҳо инъоми. Бу бойликдан оқилона фойдаланиш, корхоналар ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, янги бозорларни тобора кенгроқ эгаллаш сўзда эмас, амалда устувор вазифага айланиши керак. Ана шунда эзгу мақсадлар хайрли ишларга хизмат қилади, Орол бўйида яшаётганларнинг даромадига даромад қўшилади.

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    иқтисодий шарҳловчи

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates