“Ортимда Президентимиз бор”

    Тадбиркорга кам таъминланган 100 нафар аёл учун субсидия ажратилди. Моҳидил уларни ишга олиб, тикувчилик цехини кенгайтирди.

    Ишнинг кўзини биладиган, ғайратли, ишбилармон одам нафақат ўзи ва оиласи, балки мамлакат иқтисодиётига наф келтиради. Кейинги йилларда ислоҳотларимиз таянчига айланиб бораётган тадбиркорлик соҳаси юртимизда жадал ривожланмоқда. Ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келаётган, соҳада меҳнат қилаётган 5 миллиондан зиёд аҳоли орасида аёллар улушининг ҳам юқорилиги, айниқса, қувонарлидир.

    Бугун республиканинг ҳар бурчагида рўзғор юмушлари, фарзанд тарбиясидан ортиб, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган, ўз бизнесини йўлга қўйиб, одамларни иш билан таъминлаётган минглаб тадбиркор хотин-қизларни учратиш мумкин. Уларнинг аксарияти ишни энг бошидан, минг машаққатлар билан бошлаб, барча қийинчиликларга қарамай, оёқда дадил туриб олган аёллардир. Ана шундай фаол хотин-қизларнинг бир гуруҳи Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик шодиёналари арафасида ўтказилган “Ишбилармон аёл — 2021” кўрик-танлови ғолиблари сафидан жой олди.

    Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорлигида 2016 йилдан буён ўтказиб келинаётган кўрик-танловнинг бу йилги туман, шаҳар ва вилоят босқичларида 2 минг нафардан зиёд тадбиркор, ишбилармон ва фермер аёл ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотлар билан иштирок этди. Вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар қатнашчи республика босқичига етиб келди.

    Наманганлик Моҳидил Исоқова бир неча йўналишда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган. 29 ёшли аёл раҳбарлик қилаётган “Маҳбубахон она” кўп тармоқли фермер хўжалиги, “Asmus Gold” ва “Asmus Tanho” ишлаб чиқариш кооперативлари, “Мусохон Асалой келажаги” МЧЖда жами 200 га яқин хотин-қиз иш билан таъминланган. Бу аёлларнинг аксарияти кам таъминланган, “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган эди. Моҳидил уларга иш бериб, рўзғорини тебратишида кўмаклашиб келяпти.

    Қаҳрамонимиз қийналган аёлларнинг дардини яхши тушунади. Ўзи ҳам ёлғиз аёл бошига тинимсиз ҳаракати, меҳнати билан қисқа вақтда шу даражага етди. “Ишбилармон аёл — 2021” кўрик-танловида 1-ўрин соҳибасига айланган Моҳидил илк иш бошлаган вақтларини ёдга олди.

    — Отам узоқ йиллар фермер хўжалиги раҳбари бўлган, — дейди у. — Ёлғиз фарзанд бўлсам-да, ҳеч қачон ортиқча пул сарфламасдим. Отам ҳамиша ҳисоб-китоб билан пул бериб, шу тарзда қабул қилиб оларди. Назаримда, мени осон пул топишга ўрганишимни истамасди. Шу боис, пулнинг ҳам, меҳнатнинг ҳам қадрига етиб улғайдим. 2016 йилда турмушим билан боғлиқ оғир дамлар сабаб руҳий тушкунликка тушиб қолганимда, иш билан чалғиш мақсадида чок машина олиб, болалар кийимларини тика бошладим. Авваллари тикувчилик билан сира шуғулланмаганим боис, барини энг бошидан бошладим. Ўзим тиккан кийимларни бозорга олиб чиқиб сотдим. Харидорларга маъқул келиб, буюртмалар кўпайди. Бу орада отам фермер хўжалигидаги барча ишларни менга топширди.

    Моҳидил 2018 йилда тадбиркорлик фаолиятига чуқурроқ киришди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 7 фоизли кредит олиб, хонадонидаги 2 та чок машинани 10 тага етказди. Буюртмалари кўпайгач, туман ҳокимлиги томонидан унга ўзи истиқомат қиладиган маҳалла фуқаролар йиғини биносидан фойдаланиш учун ижарага хона берилди. Қаҳрамонимиз банкдан 225 миллион сўм кредит олиб, тикувчилик учун зарур барча асбоб-ускуналар билан жиҳозлаб, 50 та янги иш ўрни яратди.

    Шу тарзда Моҳидилнинг ишлари олдинга силжиб борди. Президентимизнинг жорий йил февраль ойида Наманганга ташрифи чоғида: “Ҳар бир қишлоқнинг чеккасидаги “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмаслиги, уларга “маҳаллабай” тизим асосида ёрдам беришимиз керак”, деган сўзларини тинглаб, кичик тадбиркор сифатида масъулият ҳис этди ва уларни иш билан таъминлашга аҳд қилди. Тадбиркорга кам таъминланган 100 нафар аёл учун субсидия ажратилди. Моҳидил уларни ишга олиб, тикувчилик цехини кенгайтирди.

    Корхонада асосан трикотаж маҳсулотлари, махсус кийимлар тикилади. Тайёр маҳсулотлар ички бозордан ташқари Россия ва Қирғизистонга экспорт қилиняпти. Цехда кам таъминланган аёлларга тикувчилик, пазандалик ва аёллар сартароши йўналишларида касб ўргатишга мўлжалланган ўқув маркази ҳам ташкил этилган.

    Моҳидил ёш бўлишига қарамай, 11 гектар майдонга эга кўп тармоқли фермер хўжалигини ҳам ўзи бошқариб келяпти. Аёл ҳар қанча банд, доим меҳнат ичида бўлмасин, ишидан завқ олади, муҳтожларга кўмак беришга интилади. Хўжалигидаги мевазорлар орасидаги бўш ерларни ҳар йили кам таъминланган оилаларга мош, ловия каби дуккакли маҳсулотлар экиб, даромад олишлари учун ажратиб беради.

    — Мен ота-онамнинг дуоси, қолаверса, тинимсиз меҳнатим ва сабр-тоқатим билан шу кунларга етиб келдим, — дейди ёш тадбиркор. — Меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Баъзан ютуқларимни кўриб, атрофдагилар “бунинг орқасида одами бор-да”, деган фикрларни айтади. Мен уларга жавобан “ҳа, ортимда Президентимиз бор”, дейман. Ҳақиқатан, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорларга билдирадиган ишончи, яратилаётган шароитлар менга катта куч, мотивация беради.

    Моҳидил Исоқованинг келгуси режалари бисёр. Айни пайтда Наманган муҳандислик-технология институти иқтисодиёт йўналишининг 2-босқичида таҳсил олаётган қаҳрамонимиз келгусида 100 ўринли боғча ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида бошланғич синфлар учун чет тили, IT соҳаларга ихтисослашган 200 ўринли мактаб очишни, уларда кам таъминланган, ногиронлиги бор оилаларнинг фарзандлари учун имтиёзли ўринлар ажратишни мақсад қилган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates