Аммо журналист нимани қандай ёзаётгани ҳақида чуқур мулоҳазага киришса, бирдан ҳушёр тортади. Негаки, сўзнинг чексиз қудратидан қанчалик фойдалана олаётгани ёки аксинчалиги ойдинлашади. Шу маънода, бугунги глобал мафкуравий курашлар даврида журналистика энг зарур ҳимоя қўрғонидир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида: “Глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини ҳаммамиз сезиб-англаб турибмиз”, деб бежиз таъкидламади. Шу маънода, журналистларнинг сарҳадларимизда доим сергак турган Ватан посбонларига қиёсланиши ажабланарли эмас.
Кейинги йилларда мамлакатимиз том маънода янгиланишлар диёрига айланди. Янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ, Ўзбекистон ижтимоий давлат экани мустаҳкамланди. Илгари мавжуд “давлат — жамият — шахс” парадигмаси “инсон — жамият — давлат” тамойилига ўзгартирилди. Умуман, “Инсон қадри учун” ғояси асосида ҳар бир соҳа, йўналишда туб ўзгаришлар рўй берди. Очиғи, тарихан жуда қисқа фурсат — 7-8 йилда юртдошларимиз ҳаётини янада яхшилаш, давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи бундай янгиланишларнинг санаб адоғига етиш мушкул. Залворли, таъбир жоиз бўлса, тарихий ютуқларимиз қаторида жамиятимизда очиқлик, ошкораликка, сўз эркинлигига кенг йўл берилгани, бугун ОАВ вакиллари, блогер ва фаоллар жамоатчилик назоратини таъминлашнинг самарали бўғинига айланганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.
Ҳозир бундан ҳам баланд марраларни кўзлаб олға интиляпмиз. Ана шу жараёнда матбуотнинг ўрнини ҳеч нарса билан қиёслаб, тўлдириб бўлмайди. Буни қисқа ва тушунарли қилиб ифодаласак, ўсиш, ўзгариш жараёнида жамият бир бутун ватан, ягона халқ бўлиб олға интилиши керак. Ана шу бирдамлик сўз — матбуот орқали шакллантирилади.
Ҳақиқатан, бугун сўзнинг қудрати, ахборотнинг кучи тобора ортиб бориши баробарида, интернет ва ижтимоий тармоқлар қамрови ошиб бориши ҳисобига қудратли кучни қўллаш майдони ҳам кенгайиб бормоқда. Бу ўз-ўзидан ҳар бир давлат, жамият учун ҳимояланиш рефлекси, бошқача айтганда, миллий контентни ривожлантириш талабини юзага келтирмоқда.
Шу маънода, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, Президентимиз қарорига асосан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузурида Болалар контентини ривожлантириш маркази ташкил этилгани, айни пайтда марказ маҳаллий ижодкорларга миллий контентлар яратиш бўйича буюртмалар бериб, соҳада кадр тайёрлашни ташкил қилаётгани қувонарлидир.
Лекин бир жиҳатни асло ёддан чиқармаслигимиз керак: миллий контентлар яратиш, умуман, интернет ўзбек сегментини сифатли миллий контентлар билан бойитиш биргина марказнинг иши эмас. Бу, модомики, бирлигимиз, ҳамжиҳатлигимиз, тинчлигимиз ва барқарор келажагимиз билан боғлиқ экан, миллий контентни ривожлантириш ҳаммамизнинг, юрагида шу ватанга муҳаббати бор ҳар биримизнинг бурчимиздир. Айниқса, миллий контент масаласи ОАВ вакиллари зиммасига катта масъулият юклайди.
Ўзбек журналистикасининг бир вакили сифатида, бугунги кунда соҳа олдида турган шу каби долзарб вазифаларни таҳлил қилиб, олдинда ҳали қилиниши зарур бўлган ишларимиз салмоғи жуда катта эканини англаймиз. Мана шундай фурсатда камтарона меҳнатларимиз юксак баҳоланиб, 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида Президентимизнинг фармонига мувофиқ “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонига лойиқ кўрилганим учун алоҳида миннатдорлик билдирган ҳолда, бу бизнинг келгуси фаолиятимизда жуда катта масъулият бурчи эканини ҳам теран англаб турибмиз.
Янги Ўзбекистондаги илк ўзгаришлар халқ мурожаатлари билан ишлашдан бошланган эди. Бундай жараён бевосита матбуот эркинлигини ҳам талаб этади. Мамлакатимизда ҳар икки жиҳатга бирдек эътибор берилди. Бугун ўзбек матбуоти очиқлик, эркинлик жиҳатдан кечагисидан тубдан фарқ қилади. Давлатимиз раҳбари табригида қайд этилганидек: “Биз кейинги йилларда, улуғ аждодларимиз бошлаб берган ибратли анъаналарни давом эттириб, демократик жамиятнинг муҳим шарти ва тамойили бўлган оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантиришга устувор эътибор қаратмоқдамиз”.
Дарҳақиқат, аждодларимиз бизга рост сўзи, ёлғонни ёмон кўриши, зукколик билан халқ манфаатини ҳимоя қилиши, бир сўз билан айтганда, ватанпарварлиги билан ибрат мактаби бўлиб келган. Бугунги кун журналисти улардан ўрнак олиши шарт. Кўриб турибмиз, сунъий интеллект бизга қулайлик бериш билан бирга ёлғон ахборот тарқатишда ҳам жуда қўл келиб қолди.
Аввал кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитган хабаргина ишончли бўлиши айтиларди. Замонавий технологиялар бу қарашни бутунлай ўзгартириб юборди. Энди кўз билан кўрсангиз ҳам, қулоқ билан эшитсангиз ҳам ахборотни текшириб, ҳақиқатлигини билгач, бошқаларга улашиш зарурати пайдо бўлди. Агар бунга эътибор қилмасангиз, ёлғон қурбони бўлишингиз, халқ, ватан манфаатига зид ахборот “оёқ олиши”га билиб-билмасдан хизмат қилиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Ҳа, ҳозирги давр журналистика олдига мана шундай ўта жиддий масалаларни қўймоқда.
Шу боис, Президентимиз: “Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда.
Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда”, деган эди.
Ўрни келганда тан олиш керак, бугун миллий журналистикамиз бу вазифани уддалаяпти. Чунки мамлакатимизда матбуотни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замон талабларига мос ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиляпти. Фуқароларнинг ахборот соҳасидаги конституциявий ҳуқуқларини, матбуот ва сўз эркинлигининг қонуний ижросини таъминлаш бўйича сезиларли ишлар амалга ошириляпти. Шу билан бирга, биз — журналистларнинг меҳнати юксак баҳоланиб, муносиб қадрланяпти.
Қолаверса, ижодий жамоаларни қўллаб-қувватлаш, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлашга янги Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши дея қаралмоқда. Бунга жавобан бугун ижодий жамоалар доимий изланишда, замон билан ҳамқадам боришга интилмоқда.
Ушбу фикрларни “Янги Ўзбекистон” газетаси мисолида айтсак. Бугун медиа маконимизга илғор лойиҳа ва технологияларни кенг жорий этяпмиз. Натижада матбуотда медиаконвергенцияга эришмоқдамиз. Масалан, бугун газетанинг расмий веб-сайти, Telegram, YouTube ва Facebook ижтимоий тармоқларида саҳифалари бор.
Бундан ташқари, газетамиздаги мақолаларни махсус QR-код орқали қорақалпоқ тилида ҳам беришни жорий этганмиз. Газетанинг электрон шакллари ҳам ўқувчиларга тақдим этиб борилмоқда. Яъни биз ўқувчи қаерда бўлса, биз ҳам ўша жойгача ўз маҳсулотимиз билан кириб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Қолаверса, имкон қадар замонавий технологиялар, шу жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланяпмиз. Негаки, журналистика доим жамиятдан бир қадам олдинда бўлишни талаб этади. Шу маънода, миллий журналистикамиз изланишлар натижасида юксалиб бораётганини кузатиб қувонаман. Энди бу маррани янада юксак олиш, сунъий интеллектни ҳам ортимиздан эргаштира оладиган кучли мутахассис, фаол фуқаролик позициясига эга бўлишимиз керак. Бугун бунга барча имкониятлар яратилган.
Зеро, янги Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар сабаб жамиятимизда очиқлик ва ошкораликни ривожлантиришда ОАВларига жиддий эътибор берилди. Натижада давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларимизнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида миллий матбуотимиз муҳим ўринга эга бўлди.
Мазкур янгиланишлар жараёнида бевосита давлатимиз раҳбарининг ўзи тургани барчамизнинг қалбимизда катта фахр уйғотади. Айни дамда улкан масъулият ҳам юклайди. Ҳа, янги Ўзбекистон катта маррани кўзлаб йўлга чиққан карвондир. Миллий матбуотимиз эса шу карвонга бошқаларни ҳам адашмай эргаштирадиган огоҳлик қўнғироғига айланиб бормоқда. Ана шу сафда бўлиш, ватан ва халқ учун хизмат қилиш том маънода шарафдир. Ана шу шарафли вазифамизни бажариш чоғида ҳар лаҳза улкан масъулиятни ҳис этамиз.
Салим ДОНИЁРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист