Болаларда касаллик нега қайталайди?

    Саломатлик 5 декабр 2021 3642

    Мана, совуқ кунлар бошланди. Мавсумий касалликлар янада авж оладиган палла ҳозир. Айниқса, болалар ўртасида бундай хасталикларга чалиниш ҳолатлари кўп бу йил.

    Шундай экан, эҳтиёткорлик — муҳим шарт. Қолаверса, бемор болалар муолажаси, парвариши ҳам ўта масъулиятли жараён ҳисобланади. Хўш, бундай вазиятда шифокорлар тавсиялари қандай?

    — Ўткир респиратор касалликларни чақирувчи вирусларнинг 200 дан зиёд тури аниқланган, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти кафедра мудири Нигора Алиева. — Шулардан аденовирус, грипп А болалар орасида, айниқса кўп учраяпти.

    Буларнинг аломатлари ҳам турлича кечмоқда. Бир тоифа болаларда шунчаки тумов, бошқаларда пастки нафас йўллари яллиғланиши, яна баъзиларда йўтал, ҳарорат кўтарилиши каби белгилар кузатиляпти.

    Бундай хасталиклар иммунитети паст ўғил-қизларда оғир асоратлар қолдириш хавфи ҳам мавжуд. Масалан, вирус юқори нафас йўллари орқали юқиб, бронхит касаллигига олиб келиши мумкин.

    Буйрак, юрак фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши эҳтимоли бор. Энг ёмони, вирусли инфекциялардан сўнг менингит ва менингоэнцефалит касалликлари шаклланиши ва ривожланиши мумкин.

    Мамлакатимизда ЎРВИ 5 ёшгача бўлган болаларда кўп учрамоқда. Улар орасида чақалоқлар ҳам кам эмас. Мутахассисдан бунинг сабаби ҳақида сўрадик.

    — Ҳаммаси, аввало, соғлом турмуш тарзи билан боғлиқ, — дейди шифокор. — Бола тўғри овқатланиши, ўз вақтида ухлаши, жисмоний чиниқиши лозим. Шундагина иммунитет мустаҳкамланади.

    Масалан, 1 ёшгача бўлган болалар ўзлари мустақил равишда жисмоний машқларни бажара олмайди. Демак, ота-оналари, тарбияловчилари уларни чиниқтириши зарур. Турли уқалаш муолажалари, яъни массаж ҳам бу жараёнда жуда фойдали. Боланинг танасида қон айланиш тизими фаолиятини яхшилайди.

    Аслида, кичик ёшдаги ўғил-қизларнинг йилига 3-4 марта бундай вирусли касалликлар билан оғриши нормал ҳолат. Аммо касалликка чалиниш сони эмас, тузалиш муддатига эътибор қаратиш керак. Хасталикдан сўнг асоратлар қолмаслиги асосий натижа.

    Нигора Алиеванинг айтишича, бемор болалар муолажаси давомли парваришни талаб қилади. Лекин баъзи ота-оналар фарзанди шифохонадан чиқиши билан уни боғчага, мактабга жўнатишади. Аҳоли гавжум жойларга, меҳмонга олиб боришади. Ваҳоланки, бундай пайтда ҳали организм тўлиқ тикланиб, аввалгидай қувватга қайтмаган бўлади.

    Оқибатда ҳали тўлиқ қувватга кириб улгурмаган бола ташқи муҳитда янги вирусга дуч келиб, қайтадан касалланиб қолиши мумкин. Шундай экан, ўғил-қизларнинг хасталикни енгил даражада ўтказишида ота-оналари, яқинлари кўмаги ниҳоятда зарур. Бундай пайтда янада эътиборли бўлиш талаб этилади.

    Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates