Орзуларга қанот бўлган жавоб мактублари

    Болаларнинг давлатимиз раҳбарига йўллаган мактуби жавобсиз қолмади. Жавоб хатлари ўз манзилларига етиб борди.

    Болалар эртанги кун умиди, авлод давомчилари, келажагимиз ворислари. Уларга меҳр, эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш халқимизга хос эзгу фазилат. Айниқса, бетоб болалар ҳолидан хабар олиш, ота-оналарига умид бағишлаш, шифо топиб, соғлом ҳаётга қайтиши учун зарур барча шарт-шароитни яратишга бугун давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг пойтахтимиздаги Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида муолажа олаётган болалар билан бир неча бор учрашуви, уларнинг орзуистаклари рўёби йўлида бор имкониятни сафарбар этиши каби эзгу амалларда ҳам бу намоён бўлмоқда.

    Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанаётган ва марказдаги “Меҳрли мактаб”да таълим олаётган болалар Президентимизга мактуб йўллаган, унда ўзларининг қизиқишлари, орзу-интилишлари ҳақида ёзганди. Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 17 июнь куни ушбу марказга ташриф буюрганида у ерда даволанаётган болаларнинг мактубларини олган, “Ҳаммасини ўқиб, албатта, жавоб ёзаман”, деган эди.

    Болаларнинг давлатимиз раҳбарига йўллаган мактуби жавобсиз қолмади. Жавоб хатлари ўз манзилларига етиб борди.

    Ҳар бир болага алоҳида умид, ҳар бирининг орзу-истаклари қўллаб-қувватланган, уларга далда берилган бу жавоб номалари хасталик ҳоритган кўнгилларга қувонч, мамнунлик бағишлади. Орзулар ушалди, ниятлар рўёбга чиқди. Соғайишга, яшашга ишонч ортди.

    Марказда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А. Абдувоҳидов болаларга давлатимиз раҳбарининг жавоб мактубларини ҳамда совға-саломларини топширди.

    — “Меҳрли мактаб”да ўқитувчимиз Президентимизга мактуб ёзишим мумкинлигини айтганида ҳайрон бўлдим. Президентга хат ёзиш мумкинми? Ҳа, мумкин. Мен Президентимизга барча орзуларим ҳақида айтаман, дея хат ёздим. Унда катта бўлганимда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими бўлишни исташимни, йўлларда тартибни сақлаш, фалокатларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилинишига ҳисса қўшишимни битдим, — дейди Диёрбек Абдуқосимов. — Йўлда кетаётганимда бу соҳа ходимини кўриб, жуда ҳавас қилганман. Уларга ўхшаш орзуим эканини ёзиб, йўл ҳаракати хизмати ходимининг расмини ҳам чиздим. Президентимиз мактубимни олишини билардим. У киши бугун менга жавоб хатида тезроқ соғайишимни исташини айтибди. Менга электр самокат, футбол билан шуғулланишим учун копток ва бошқа спорт анжомлари юборибди. Футбол коптогига чемпион акаларим дастхат қўйиб берди. Менга йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходими кийими ва гувоҳномаси берилди. Мен энди шу соҳа ходимиман, ишга қабул қилиндим.

    Чиндан ҳам Диёрбек Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг фахрий аъзолигига қабул қилинди ҳамда унга “Йўл посбони” гувоҳномаси топширилди.

    Гематологик ва онкологик касалликлар билан узоқ муддат давомида стационар шароитда даволанаётган болаларга кафолатланган мактабгача таълим-тарбия ҳамда умумий ўрта таълим бериш мақсадида “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси ташкил этилганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шу йил 16 май кунидан бошлаб фаолият юритаётган “Меҳрли мактаб”нинг асосий вазифаларидан бири — болаларни ҳаётга ижтимоий мослашишига, уларнинг мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда умумтаълим мактабларида таълимни давом эттиришига кўмаклашиш. Муассасадаги “Меҳрли мактаб почтаси”да болалар яқинларига мактуб йўллаши, орзу-умидлари, кўнгил кечинмалари ҳақида баён қилиши мумкин. Болаларнинг аксарияти Президентга хат ёзишни истайди. Номаларда кўплаб мурғак юракларнинг орзу-умидлари баён этилади. Бу кўнгилларга тасалли беради.

    — Президентимизга ёзган хатимда велосипедим бўлишини орзу қилишим ҳақида ёзгандим, — дейди Саидакбар Ҳамидуллаев. — У киши мактубимни ўқиб, менга жавоб ёзибди ва ҳатто велосипед ҳам юборибди. Бу мени жуда қувонтирди, руҳимни кўтарди. Энди соғайиб кетишимга ишончим янада ошди.

    Эътибор ва ғамхўрлик инсон қалбига таянчдир. Айниқса, бемор болалар, фарзандининг эртасидан хавотир ва ҳадик билан яшаётган ота-оналар кўнглига қувват бағишлаш, уларнинг дардига малҳам бўлиш, муаммосига чора топишга кўмаклашиш — инсонийликнинг олий кўриниши. Мамлакатимизда бу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳам инсон қадрини улуғлашга асосланган. Буни шифохонадаги ҳар бир бола ва ота-она миннатдорлигида кўриш мумкин.

    — Ўғлим Хушнудбек 12 ёшда, — дейди Моҳира Турсунова. — Қон касаллигининг оғир турига чалинган. Бу ерга келганимизда жуда тушкун кайфиятда эдик. Болам салкам икки ойдан буён даволаняпти. Шифохонада барча шарт-шароит яратилган, шифокорлар масъулият билан қараяпти, дори-дармон бепул, етарли. Ўғлимнинг ҳозир аҳволи яхши. “Меҳрли мактаб”га қатнаяпти. У ерда ўқиш электронлаштирилган. Болам жуда мамнун бўлиб Президентимизга хат ёзди. Унда тезроқ соғайишни исташини, катта бўлганида шифокор бўлиб, ҳамма беморларни даволашини, ҳозир дарс қилиши учун планшет кераклигини битди. Президентимиз яқинда шифохонага ташриф буюриб, барча болалар қатори ўғлимга ҳам планшет совға қилганида боши осмонга етди. Ёзган хатига жавоб мактуби ва бошқа совға-саломлар бугун қаддимизни янаям кўтарди. Барчаси учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирамиз.

    Президентимизнинг мактубларини топширишга бағишланган тадбирда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтига 2023/2024 ўқув йилидан эътиборан давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши хушхабари етказилганида бемор Дилзода Саидхўжаеванинг кўзида қувонч ёшлари порлади. Чунки у болалигидан дизайнер бўлишни орзу қилган, доим либосларнинг янгиданянги нусхаларини яратиш бўйича изланаётган эди. Тўсатдан йўлиққан бу хасталик орзулари осмон қизни гангитиб қўйди. Аввалига ҳаётга қизиқишини йўқотиб қўйган Дилзодага “Меҳрли мактаб”нинг малакали психолог ва ўқитувчилари кўмак бера бошлади. Барча орзуларига эришиш мумкинлиги тушунтирилди. Аста-секин унда эртанги кунга умид уйғонди. Саломатлиги ҳам тиклана борди. Ҳозир аҳволи яхши. Президентимизга мактубида тезроқ тузалиб, шифохонадан чиқиш, дизайнер бўлиш энг катта орзуси экани, шу йўналишда таълим олишни исташини ёзди. Унга шу орзуси рўёби тақдим этилди. Дилзода энди талаба!

    Бугун юртимизда болалар саломатлиги ва камоли учун барча имконият сафарбар этилган. Айниқса, оғир хасталикка чалинган ўғил-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик уларнинг шифо топиб, соғлом ҳаётга, оиласи, яқинлари бағрига қайтиши, эртага юрт корига ярайдиган фарзандлар бўлиб вояга етишида муҳим омилдир.

    — “Меҳрли мактаб” болаларимиз ҳаётида янгилик бўлди, — дейди таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Дилфуза Турсунова. — Бу даргоҳ хаста болаларга давлатимиз кўрсатаётган меҳр, эътибор ва ғамхўрликнинг яққол ифодаси. “Меҳрли мактаб” орқали болаларимизнинг орзу-ҳаваси рўёбга чиқяпти. Уларнинг давлатимиз раҳбарига ёзган бирорта мактуби эътиборсиз қолдирилмади. Бугун номаларга жавоб мактублари келди. Болаларнинг орзулари ушалмоқда. Фарзандларимиз келгуси ҳаёти учун ўз олдига катта-катта мақсадлар қўймоқда. Тадбирда ўқувчиларнинг қувончи ва ота-оналар миннатдорлиги бизнинг қалбимизни ҳам қалқитди. Чунки бу болалар бизнинг ҳам фарзандимиз.

    Жойларда ҳам муолажанинг муайян босқичини ўтаб, уйига қайтган болаларга давлатимиз раҳбарининг мактуби ҳамда совға-саломлари тантанали топширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замирида эртанги кунимиз давомчилари бўлган болаларнинг шифо топиб, тўлақонли ҳаёт тарзига қайтишидек олижаноб мақсад мужассам.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates