баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ўсимликлар карантини бўйича хизматлар доираси кенгайтирилади

    2020 йил 13 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-4861-сонли «Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

    Қарорга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:

    Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси (Инспекция) тизимидаги Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази (Марказ);

    Тошкент давлат аграр университетининг Термиз, Нукус ва Самарқанд филиалида ҳамда Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида Марказнинг замонавий лабораторияларга эга бўлган минтақавий филиаллари.

    Марказ ва минтақавий филиалларнинг асосий вазифаларидан бири республика ҳудудида катта иқтисодий зарар келтириши мумкин бўлган зарарли организмларнинг фитосанитар хавф таҳлилини ўтказиш ва улар кириб келишининг олдини олишга қаратилган илмий асосланган фитосанитар чоралар ишлаб чиқиш ҳисобланади.

    2021 йил 1 январдан хусусий сектор томонидан ташкил этилган, аккредитациядан ўтган карантин лабораториялари томонидан экспортга юкланаётган мева-сабзавот маҳсулотларига ва бошқа материалларга хулоса беришга рухсат берилади.

    2021 йил 1 апрелдан республика ҳудудига хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юк хоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва «детектор – хизмат ит»ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.

    2020 йил 1 ноябрдан ўз ҳудудида аниқланган зарарли организмлар ҳамда фитосанитар дала назоратини ўтказиш тўғрисида Инспекцияга ихтиёрий мурожаат қилган ва уларнинг оқибатларини бартараф этган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод қилинади.

    2021/2022 ўқув йилидан бошлаб:

    - Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида Ўсимликлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари карантини таълим йўналиши бўйича;

    - барча қишлоқ хўжалигига ихтисослашган профессионал таълим муассасаларида «Ўсимликлар ҳимояси лаборанти» ва «Ўсимликлар ҳимояси ва карантини агрономи» каби мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.

    2020 йил 1 декабрга қадар «e-Fitouz» автоматлаштирилган ахборот тизими базасида «даладан экспортгача» бўлган занжирни қамраб олувчи тизим яратилади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.