Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.
“Умумий ўрта таълимда табиий фанлар, технология, муҳандислик ва математика” лойиҳаси доирасида мамлакат бўйлаб 200 та умумтаълим мактаби замонавий лабораториялар, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмаси, қуёш энергияси тизимлари ва ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун қулай шароитлар билан жиҳозланади. Бу мактаблар қўшни таълим муассасалари учун ресурс марказлари сифатида фаолият юритади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида STEM фанлари бўйича республика миқёсида ўқитувчилар малакасини ошириш, фанлараро ёндашувни ривожлантириш ҳамда қизларни ушбу соҳадаги касбларга қизиқтириш учун махсус тарғибот кампаниялари ўтказиш режалаштирилган.
Лойиҳа Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясига мос бўлиб, ОTBнинг “Стратегия–2030” дастурида белгиланган рақамли трансформация, гендер тенглиги ва иқлим ўзгаришларига чидамлилик каби устувор йўналишларини қўллаб-қувватлайди.
Бу йил ОTB ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликнинг 30 йиллиги нишонланмоқда. 1995 йилда Ўзбекистон банкка аъзо бўлганидан буён ОTB мамлакатга давлат сектори учун жами 14,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит, грант ва техник кўмак ажратган.
Маълумот учун, Осиё тараққиёт банки — Осиё ва Тинч океани минтақасида инклюзив, барқарор ва чидамли ўсишни рағбатлантирувчи етакчи кўп томонлама молия институти бўлиб, 1966 йилда ташкил этилган ва 69 та аъзога эга. Улардан 50 таси минтақадаги мамлакатлардир.

