Ўттиз йиллик муаммолар ҳал бўлди

    Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги “Хонариқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудаги 2,5 километрга яқин ички йўл асфальтланди, 600 метр бетон қопламали янги йўл қурилди.

    Бир қараганда, булар унчалик катта рақамлар эмас. Аммо туман марказидан 30 километр олисда жойлашган, бир томони қўшни Андижон вилоятининг Бўз туманига туташ, ўтган асрнинг 50-йилларида қум барханлари қўйнида барпо этилган қишлоқда яратилган бу инфратузилма шу ерда яшаётган одамлар узоғини яқин, оғирини енгил қилгани рост.

    — Ёзда чанг-тўзон, қишда тўпиққача лой кўчаларимизда бугун амалга оширилган бунёдкорлик ишларига кўпнинг ҳаваси келади, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рўзибой Мирзаев. — Ўттиз йилдирки, ички йўлларни таъмирлаш, тартибга келтириш, тоза ичимлик сув олиб келиш ечиб бўлмас масалалардан эди. Орзуларимиз ушалди. Аҳоли турмуш тарзи учун муҳим маданий-маиший шароитларни яхшилаш учун зарур маблағ ажратишда “Очиқ бюждет”, “Ташаббусли бюджет” тамойиллари ҳаётга тадбиқ этилгани айни муддао бўлди. Кўчаларимизни асфальтлаш борасида билдирган таклифимиз “Очиқ бюджет” порталида энг кўп – 2014 та овоз олди. Шунингдек, 3 километр тоза ичимлик сув тармоғи тортилгани қишлоғимиз аҳолиси қалбига ўзгача қувонч, шодлик олиб келди. Обод бўлган кўчалар одамларимиз кайфияти, руҳиятини кўтарди.

    Маҳаллада эни 4 метрдан кам бўлмаган, қалинлиги 18 сантиметр бетон қопламали текис ва равон йўллар қурилмоқда. Пишиқ, пухта, сифатли йўллар ҳолати ҳавас қилгулик. Мутахассислар бетон қопламали йўлларда транспорт ва аҳоли ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳар бир жиҳатни ҳисобга олган. Хусусан, совуқ ва ёғингарчилик мавсумида сирпаниб кетмаслик, йўл ҳаракати билан боғлиқ ходисаларнинг олдини олиш чоралари кўрилган.

    Замонавий қиёфа касб этган йўл бўйларида тунги чироқлар ўрнатилди, пиёдалар йўлаклари қурилди, ободонлаштирилди, суғориш тизимлари ўрнатилди.

    Шу йилнинг ўзида биргина Тошлоқ туманида “Очиқ бюджет” платформаси ва “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида 9 километрдан ортиқ ички йўл асфальтланмоқда.

    Асфальтланмаган кўча қолмайди

    — Иш бошлаган илк кунимданоқ маҳалла аҳли кундалик ҳаёт тарзи учун муҳим бўлган йўл, тоза ичимлик сув тармоқлари ишини яхшилаш, аҳоли учун муносиб шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратиб келяпман, — дейди Тошлоқ тумани “Сўкчилик” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси Муҳаммадқодир Нўъмонов. — “Менинг йўлим” лойиҳаси доирасида Ҳилол кўчасида 3 километрдан зиёд асфальт ётқизилди. Маҳаллий бюджетнинг орттириб бажарилган қисмидан яна 800 метр ички кўчани шағаллаштириш, асфальтлаш ҳаракатидамиз.

    Йўлсозлар қудратли техника воситалари ёрдамида ички йўлларга шағал ётқизиш, текислаш, бетонлаш билан боғлиқ амалий ишларни бир дам бўлса-да тўхтагани йўқ.

    — Янги маҳаллага кўчиб чиққанимизга 35 йил бўлди, — дейди Ҳилол кўчасида яшовчи Мухторали Эргашев. — Уйга меҳмон келса, хижолат бўлардик. Кўчаларимиз куз-қиш ойларида лой, ёзда чанг-тўзон эди. Ҳолат юзасидан кўп жойга мурожаат қилганмиз. Аммо ижобий ечим топилмаган. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорликлар туфайли кўп қатори маҳалламиздаги ички йўллар ҳам таъмирланди. Аҳоли ва транспорт ҳаракатлари учун қулай шароитлар яратилди. Сўнгги йилларда йўл, сув, электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларга эътибор қаратилаётгани, ечим изланаётгани барчамизни қувонтиряпти.

    Жорий йилда вилоят ҳудудида 531 километр ички йўлни таъмирлаш, асфальтлаш режалаштирилган. Таъмирлаш дастури асосида ҳозирга қадар 47,6 километр цементобетон, 106,1 километр асфальт қоплама, 72,4 километр шағал тўшаш ишлари амалга оширилди.

    Қўштепа тумани “Лангар” маҳалла фуқаролар йиғинидаги ички йўллар шу пайтга қадар абгор аҳволда эди. Жорий йилги режа асосида бу ердаги 7,1 километр ички йўл тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Бу ишлар учун давлат бюджетидан 2820 миллион сўм сарфланди.

    — Бу каби мисоллар кўп, — дейди Фарғона вилояти “Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати” ДУК раҳбари Шуҳратжон Пўлатов. — “Обод қишлоқ” дастури доирасида Ёзёвон туманидаги “Тараққиёт” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Қайирма, Найман, Катташоҳ, Боғча, Боғ кўчаларида 3 километрдан ортиқ йўл асфальтланди. Бўтқачи кўчасининг 2,6 километри қайта таъмирланди. Ички кўчаларни таъмирлашни 1 октябргача якунлаш кўзда тутилган. Бундан ташқари, вилоятимиздаги ички хўжалик йўлларини 2026 йилга қадар белгиланган дастур асосида босқичма-босқич тўлиқ таъмирлаш режалаштирилган. Бунинг натижасида бирорта ҳам носоз ички йўл қолмайди.

    Узоқ йиллар давомида йўллар қуриш, таъмирлашга эътиборсизлик туфайли ички йўллар ҳолати издан чиқди, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Энди бу борадаги муаммоларга ечим изланяпти.

    Президентимизнинг 2022 йил 18 мартдаги “2022 – 2026 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, биргина Фарғона вилоятда 261 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 85 километр цементобетон, 218 километр асфальт қопламали йўл қуриш, 228 километр йўлга шағал ётқизиш режалаштирилган. Бу ишлар республика бюждети маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.

    — Мутахассисларимиз алоҳида қурилмалар яратиб, инновацион ғояларни амалиётга жорий этяпти, — дейди “Ўзйўлинспекция”нинг Фарғона вилояти ҳудудий бўлими бош мутахассиси – давлат инспектори Жаҳонгир Шаропов. — Маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиқиб, бетон қопламали йўллар ёз ва қиш мавсумида бирдек хавфсиз бўлишига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда ҳар бир жараён бўйича алоҳида йўриқномалар ишлаб чиқилди. Қўл меҳнатини камайтириш учун автоматик қурилмалардан кенг фойдаланиляпти. Белгиланган меъёрга кўра, асфальт йўллардан ўртача 8-10 йил, бетон қопламали йўллардан эса 20 йил фойдаланилади. Сифати, тежамкорлиги ва хомашё борасида тақчиллик кузатилмаслиги сабабли яқин истиқболда ички йўлларга босқичма-босқич бетон қоплама ётқизиш чоралари кўрилмоқда.

    Янги имкониятлар

    Фарғона вилоятида 19 минг 950,5 километр автомобиль йўли мавжуд бўлиб, унинг 4031 километри умумфойдаланишдаги, 15919,5 километри ички хўжаликлараро бўлиб, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари кўчаларини ташкил этади.

    Ўтган йили вилоятда йўлларни таъмирлаш дастури доирасида умумий қиймати 494,8 миллиард сўмлик иш бажарилиши натижасида 1550,4 километр йўлнинг ҳолати яхшиланди, 1 та замонавий кўприк фойдаланишга топширилди.

    — Белгиланган ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун янги техника ва технологиялардан, арзон, сифатли маҳаллий қурилиш хомашёларидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди Фарғона вилояти Автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси бошлиғи Ойбек Назиров. — Айниқса, ички хўжалик йўллари ва йўлакларни таъмирлаш, транспорт ва аҳоли ҳаракатланиши учун қулай шароитлар яратиш, йўл белгилари ўрнатиш ишлари кундан кунга ортиб бормоқда. Натижада ички йўлларни таъмирлаш даражаси қарийиб 68 фоиз ошди. 2021 йилда 1050 та маҳалла ва қишлоқдаги ички йўллар таъмирдан чиқарилди.

    Вилоятда кенг ва равон йўллар қуриш, мавжудларини таъмирлаш билан ишлари бир дам бўлса-да тўхтагани йўқ. Ёзнинг ҳароратли қуёши тафтига қарамай, йўлсозлар йўл текислаш, тош-шағал, асфальт ётқизиш, бетонлаш каби мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини жадал олиб бормоқда.

    Хулоса қилиб айтганда, Фарғонада замонавий ва халқаро талабларга жавоб берадиган ички ва ташқи автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш, транспорт қатновларига кенг йўл очиш, харажатларни камайтириш, умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларини қуриш борасида амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар аҳоли узоғини яқин, оғирини енгил қилиш имкониятини бермоқда.

    Расулжон КАМОЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates