Ойқорнинг мард ўғлони

    Жиззах вилоятининг Бахмал тумани маркази Ўсмат шаҳарчасидаги маҳаллалардан бири Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари чегара қисмида хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчи Қутлуғжон Раҳмонов хотирасига “Қутлуғобод” деб номланган.

    Ўсмат шаҳарчаси ва унинг таркибидаги ушбу маҳалла қадим тарихи, бу ерда яшаб ўтган буюк кишилари туфайли юртимизнинг машҳур жойларидан бири саналади. Маҳаллада “Ўсмат ота” зиёратгоҳи бор. Тарихий манбаларда қайд этилишича, ушбу зиёратгоҳдаги қабр ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ ва машҳур олимлардан бири Абулфатҳ Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн ал-Ҳасан ал-Усмандийга тааллуқли.

    Ушбу маҳалланинг Йўлдошбой қишлоғида таниқли шоир, ёзувчи, йирик шарқшунос олим Баҳром Иброҳимов туғилиб вояга етган. Иккинчи жаҳон уруши арафасида ҳамда уруш йиллари хорижда ўта муҳим махфий топшириқларни бажариб, ғалабага беқиёс ҳисса қўшган бу инсонни кўпчилик “Илон изидан”, “Махсус топшириқ” “Сўнгги ва биринчи субҳидам” романлари ва шу номдаги фильмларнинг бош қаҳрамони прототипи — разведкачи сифатида ҳам билади.

    Қутлуғжон Раҳмонов ушбу табаррук маҳаллада яшаган улуғ инсонларнинг авлоди. У 2002 йилда муддатли ҳарбий хизматга чақирилган. 2004 йилдан 2008 йилга қадар ДХХ чегара қўшинлари сафида шартнома асосида хизматни давом эттирган.

    Қутлуғжоннинг ҳарбийликни танлаши бежиз эмасди. Унинг қисқа ҳаёт йўли ватанимиздаги катта ўзгаришлар даврига тўғри келди. 1991 йил 1 сентябрда — Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган санада 1-синфга борган. Ҳали дафтарнинг биринчи саҳифасидек тоза қалбларга юртда рўй берган буюк тарихий ўзгариш — мустақиллик ҳақидаги тасаввурлар битилган.

    — 1990-йилларнинг бошида юртимизда кечган сиёсий жараёнлар ёшлар онгининг шаклланишида муҳим ўрин тутди, — дейди Қутлуғжоннинг синф раҳбари Турдимурод Бекназаров. — Биринчи синфда ўқиган пайтларидаёқ Қутлуғжоннинг қалбига она юрт меҳри, ватан ҳимояси ҳақида дастлабки тушунчалар жойлашган. Ўша йиллари мактабларда мустақиллик ғояларини сингдиришга катта эътибор қаратилгани туфайли ёшлар сиёсий жараёнларга фаол муносабатда бўлиб улғайди. Қутлуғжон барча фандан аъло баҳоларга ўқиш билан бирга ҳақиқий ватанпарвар бўлиб улғайди. Ўқувчилар билан ўтказган суҳбатларимда, ёздирган иншоларимда у билдирган фикр-мулоҳазалардан юртни севиш, бурчга масъулият ҳисси сезилиб турарди. Бу эзгу туйғулар унинг бўйига, ёшига монанд ўсиб борди. Шунинг учун ўқувчимнинг ватанимиз сарҳадларини, халқимизнинг тинчлигини ҳимоя қилишда жасорат кўрсатиб, жонини фидо қилганини тасодиф деб ўйламайман. Чунки Қутлуғжон учун “ватан”, “ватанни ҳимоя қилиш”, “бурч” деган сўзлар оддий эмас, балки ҳаёти мазмунини ифодаловчи тушунчалар эди. Шу боис унинг жасоратини ватанга муҳаббатнинг амалдаги ифодаси, ҳақиқий мардлик ва қаҳрамонлик деб биламан.

    Муаллим айтганидек, ватанга муҳаббат, бурч, садоқат туйғулари шунчаки чиройли сўзлар, баландпарвоз шиорлар эмаслигини тўғри англаган инсонлар юртнинг ҳақиқий посбонлари бўла олади. Улар керак бўлса, ватан учун жон беришга ҳам тайёр. Қутлуғжон Раҳмонов чегара хизматига киришда одамийликнинг бу қонуниятини юракдан ҳис этган, албатта. Буни ҳаётида исботлади ҳам.

    У хизмат давомида жанговар топшириқларни аъло даражада бажариши билан намуна бўлиб келди. Хизмат давомида тезкор амалиётларни бажаришдаги ютуқлари шахсий варағида қайд этилган. Қутлуғжон жанговар топшириқларни бажаришда жиноий гуруҳлар томонидан катта миқдордаги моддий товар буюмлари олиб ўтилишига чек қўйган, чегара бузилиши билан боғлиқ кўпгина жиноий ҳаракатларни бартараф этган. Аммо жанговар топшириқларни бажариш ҳар доим ҳам бехатар бўлмайди. Айниқса, 15-20 йил илгари қўшни давлатлар билан чегаралардаги вазият анча мураккаб эди. Қутлуғжоннинг хизмат даври ҳам ўша пайтларга тўғри келганди.

    2008 йил 13 ноябрдан 14 ноябрга ўтар кечаси юртимиз чегара ҳудудларидан бирида нохуш воқеа юз берди. Фарғона вилоятининг Сатторобод аҳоли пункти яқинидаги давлат чегарасида рейд олиб борилаётган пайтда Қирғизистон ҳудудидан бир гуруҳ шахс мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний ўтишга уринаётгани аниқланди.

    Ҳодисадан хабардор бўлган Қутлуғжон Раҳмонов хизмат бурчини юксак масъулият ва жасорат билан адо этди. У жиноятчиларнинг мамлакат ҳудудига ноқонуний ўтиб, яшириниш ниятида эканини англаб, авто­транспорт воситасидан фойдаланган ҳолда давлат чегарасини бузиб ўтишга уринган жиноятчиларга тўсиқ қўйиш мақсадида самарали ҳаракатларни бажаради.

    Бироқ жиноятчилар қандай қилиб бўлса ҳам чегарадан ўтиб кетишга интилиб, автомашинани Қутлуғжон Раҳмонов томон ҳайдайди. Чегарачимиз сўнгги лаҳзагача бурчига садоқат билан ёндашиб, жиддий қаршилик кўрсатади ва жиноятчиларнинг режасини амалга оширишига йўл қўймасликка уринади. Аммо шифокорлар кўрсатган тезкор тиббий ёрдамга қарамай, олган оғир тан жароҳати туфайли ватан ҳимояси йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлади.

    Бугун ушбу воқеага ўн етти йил бўлди. Ҳозир давлатимиз чегаралари тинч, барқарор. Сарҳадларимизни Қутлуғжонга ўхшаган бурчига садоқатли, жасур ва мард йигитлар қўриқламоқда. Улар сафида Қутлуғжон Раҳмоновнинг номи ҳам бор. Унинг исм-фамилияси ўзи хизмат қилган чегара қисми шахсий таркиби рўйхатига мангу киритилган. Ҳарбий анъанага кўра, ҳар кунлик йўқламада унинг номи ўқилганда бир овоздан “Сафда!” деб жавоб берилади.

    Давлат чегараси дахлсизлиги, ватан хавфсизлигини таъминлаш бўйича жанговар вазифани бажаришда кўрсатган мардлиги, фидойилиги учун Қутлуғжон Раҳмонов вафотидан сўнг “Жасорат” медали билан тақдирланган.

    Жамоатчилик таклифи билан унинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида туғилиб ўсган маҳалласига “Қутлуғобод” деб ном берилди. У ўқиган Бахмал туманидаги 3-мактабда Қутлуғжон Раҳмонов хотирасига бағишлаб алоҳида хона ажратилган. Унда чегара қўшинлари ҳаётини акс эттирувчи стенд, буклет ва кўплаб фотосуратлар, Қутлуғжоннинг яқинларига, дўстларига ёзган мактублари қўйилган.

    Туман “Халқ ижодиёти ва тарихи” музейида Бахмалнинг бой тарихи, машҳур кишилари қаторидан Қутлуғжон Раҳмонов хотираси учун ҳам алоҳида жой ажратилган. Музейда унга тегишли 18 та экспонат бор. Ҳар йили музейга минглаб юртдошларимиз, хусусан, ўқувчи ёшлар ва ҳарбий қисм хизматчилари келади.

    — Қутлуғжон ҳарбийликни танлаганида, гапнинг очиғи, жуда қувонганман, қалбим ғурурга тўлган, — дейди отаси Абдуманнон Раҳмонов. — Фарзандимнинг чегарачи бўлишига қаршилик қилмай, онаси билан бирга оқ фотиҳа берганмиз. Начора, ҳарбийлик осон эмас. Аммо яқинларни йўқотиш, айниқса, фарзанддан айрилиш ота-она учун жуда оғир. Бу қисмат ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топган сана, Ватан ҳимоячилари ҳамда Хотира ва қадрлаш кунларида Қутлуғжонни хотирлаб, уйимизга ҳудуддаги чегара қисми хизматчилари, у ўқиган мактаб ўқувчилари келади. Ўғлим яхши ном қолдириб кетгани, элимиз уни унутмагани кўнглимизга тасалли беради. Яқинда Президентимизнинг Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” монументи олдида бизга қарата айтган “Бу жасур ўғлонлар таҳликали вазиятда ўзини ўйламай, бурчига содиқ қолиб, халқи учун жонини фидо қилган. Ҳозирги тинчликда, осмонимиз мусаффолигида уларнинг катта ҳиссаси бор. Оилалари, барча яқинлари билиши керакки, улар орамизда худди тирикдек, номлари ҳеч қачон ўчмайди. Буни мана шу майдонда муҳрлаб қўйдик. Мен уларнинг ота-оналарига, турмуш ўртоқларига таъзим қиламан. Фарзандлари қаҳрамон оталарига муносиб бўлишини истайман”, деган сўзлари кўнглимизни тоғдек кўтарди.

    Қутлуғобод маҳалласи Бахмал туманидаги туристик масканлардан. У ердаги “Ўсмат ота” зиёратгоҳига юртимизнинг турли ҳудудидан, хорижий мамлакатлардан сайёҳлар келиб туради. Улар Ойқор тоғлари бағрида жойлашган маҳалланинг ноёб табиати, тарихий ёдгорликлари, ўзига хос этнографияси, аҳолининг урф-одатларидан завқ олади. Маҳалла номи билан қизиқувчиларга қутлуғободлик ҳар бир киши Қутлуғжон Раҳмонов жасорати ҳақида сўзлаб беради. Жасур чегарачининг номи қайта-қайта тилга олинади. Аслида, инсон умри йиллар билан эмас, балки қилган эзгу амаллари ва ҳаётининг мазмуни билан ўлчанади. Шу боис, Қутлуғжон Раҳмонов номи, жасорати халқимиз хотирасида умрбод яшайди.

    Фарҳод НЕЪМАТОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    июл, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates