Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда унга мойил бўлган шахслар билан комплекс ишлаш бўйича масалалар ўрганилди

    Долзарб 3 апрел 2021 3747

    2021 йил 2 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

    Унда Сенат аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

    Мажлисда ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда унга мойил бўлган шахслар билан комплекс ишлаш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилоятида олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

    Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 мартдаги «Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда муайян ишлар олиб бориляпти.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қарор ижросини таъминлаш мақсадида тегишли буйруқлар ва чора-тадбирлар қабул қилинган. Хусусан, ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган шахсларнинг тоифаларини аниқлаш тартиби, шунингдек, уларни маънавий-ахлоқий ва психологик йўналишларда комплекс қўллаб-қувватлашни амалга ошириш бўйича йўриқнома, шунингдек, суитсидология хизмати тўғрисидаги йўриқнома ва унинг ташкилий тузилмаси тасдиқланган.

    Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудий филиалларида суитсидолог лавозими ҳамда ўз жонига қасд қилган ёки унга мойил бўлган, кризис ҳолатидаги шахсларга ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатувчи кризис (стационар) ўринлари ташкил этилган.

    Хотин-қизлар билан ишлашда ҳимоя ордери механизми йўлга қўйилганлиги ҳам юз бериши мумкин бўлган турли ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилмоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 2020 йилда 1245 нафар, Бухоро вилоятида 862 нафар аёлларга берилган ҳимоя ордерлари оилавий муносабатларнинг изга тушишини таъминлаган.

    Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда унга мойил бўлган шахслар билан комплекс ишлаш бўйича ҳудудлардаги мактаб, ўрта касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий таълим муассасаларида психолог мутахассислар томонидан тизимли иш олиб бориляпти.

    Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Бухоро вилояти барча туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида жойлашган «Ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш хонаси» психиатр шифокорларнинг ҳамкорликда амалга ошириладиган ишларнинг йиллик режалари ишлаб чиқилган ва тегишли ташкилот ҳамда муассасалар томонидан тасдиқланган.

    Мажлисда бу борада ечимини кутаётган муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўз жонига қасд қилган оилалар билан ишлаш бўйича методик тавсиялар ишлаб чиқилмаганлиги, ўрганилган ҳудудларда ишлаб чиқилган идоралараро чора-тадбирлар ижроси бўйича тизимли ишлар ташкил этилмаганлиги, зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ҳудудий марказлари фаолияти етарли даражада ташкил этилмаганлиги таъкидланди.

    Шунингдек, келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган шахслар билан комплекс ишлаш бўйича қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди ва Қўмиталарнинг қўшма қарори қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates