Озарбайжон Ўзбекистон энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди

    Энергетика 30 август 2022 1241

    Жорий йил, 29 августда Озарбайжон Республикаси Энергетика вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида энергетика соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.

    Мазкур «Йўл харитаси» Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Азим Ахмедхаджаев ва Озарбайжон Республикаси Энергетика вазири Парвиз Шаҳбоз томонидан имзоланди.

    Унга асосан, 2022-2023 йиллар давомида томонлар мамлакатда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этишда тегишли танловларда иштирок этишга таклиф қилиш, хусусий инвестициялар ҳисобидан янги иссиқлик электр станцияларини қуриш соҳасида билим ва илғор тажриба алмашиш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш, энергия (электр энергияси ва табиий газ) бозорларини либераллаштириш ва яратиш, хусусийлаштиришда томонларнинг иштирокини таъминлаш ва хусусий инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари бўйича тажриба ва ахборот алмашишни амалга оширишни назарда тутилади.

    Шунингдек, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни ташкил этиш, инвестицияларга хусусий секторни жалб этиш, кадрлар тайёрлаш, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «SOСAR» компанияси кимё ва нефть-газ маҳсулотларини экспорт/импорт қилиш бўйича қўшма тадбирларни ташкил этиш, «SOСAR» билан Озарбайжон ҳудудида геологик қидирув ва углеводородларни қазиб олиш лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш имкониятларини ишлаб чиқиш, «Ўзбекнефтгаз» корхоналари ходимларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва тажриба алмашиш, ДХШ тамойиллари асосида қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини амалга ошириш бўйича тажриба алмашиш кабиларни ўз ичига олади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

    Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 5 июлда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Озарбайжон Республикасининг «SOСAR» компанияси делегацияси аъзолари билан музокаралар бўлиб ўтган эди.