Aшхобод шаҳрида «Махтумқули Фироғий» тарихий бадиий фильми учун ушбу бадиий картина бош режиссёри Музаффархон Эркинов ва бош роль ижрочиси Aҳмед Aмантурдиевга Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳаммедов қарори билан тасдиқланган «Махтумқули Фироғий» медали топширилди.
Айтиш керакки, ушбу бадиий фильм атоқли шоир Махтумқули Фироғий ҳаёти, ижоди ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятли.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида Ўзбекистонда Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллиги кенг нишонланди. Шоир ижодига бағишланган адабий анжуманлар, кечалар, бадиий кўргазмалар, давра суҳбатлари ташкил этилди. Янги саҳна ва экран асарлари яратилди. Шоир ғазалларига басталанган қўшиқлар энг сара ва дилга яқин мусиқий асарлар сингари халқимиз қалбидан жой олган.
Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, яқин кунларда "Махтумқули Фироғий" тарихий фильмининг катта тақдимоти Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида ўтказилиши режалаштирилган.