Ўзбек ўқувчисини АҚШда эътироф этишди

    Океан ортида хушхабар келди. Хива шаҳридаги Огаҳий ижод мактабининг 9-синф ўқувчиси Гулмира Равшанбекова АҚШдаги  нуфузли халқаро ташкилот “E-Confepence Giobe”  томонидан ўтказилган “TECHOMIND-2021” замонавий фан ва ютуқлар 3-глобал анжуманда ўзининг “Бир бор ярақлаб боқ, “Ўтган кунлар”га” мақоласи билан қатнашган эди.

    Адабиёт ихлосманди бўлган ўқувчи мақоласида биринчи ўзбек романининг асрларга татигулик ҳаётий сабоқларга бой қирраларини моҳирона тасвирлаб, тенгқурларига бу асарни ўқиш орқали шонли тарихимизга саёҳат қилиб, келажагимизни қадим қадриятлар пойдевори устида қуришимиз лозимлигини кўрсатиб бера олганди. Маҳорат билан ёзилган мақола тадбир ҳайъати аъзолари эътиборига тушди ва анжуман доирасида чоп қилинган энг сара мақолалар тўпламига киритилди.

    Ушбу эътироф рамзи сифатида Гулмирага гувоҳнома ҳамда биринчи рақамли сертификат топширилди.

    Рўзимбой ҲАСАН,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири.