Ҳомиладорликнинг 33-34-ҳафтасида “кесарча кесиш” йўли билан муддатидан аввал дунёга келган сиам эгизаклари туғуруқдан 9 соат ўтиб, шошилинч равишда, устига-устак, маҳаллий шароитда ўта мураккаб амалиёт орқали ажратиб олинди.
Беш соат давом этган юқори технологик операция Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги бир гуруҳ малакали мутахассислар томонидан бажарилди.
Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров ушбу чақалоқлар ҳолидан хабар олди.
— Бундай ўта мураккаб амалиётлар ҳамма давлатларда ҳам амалга оширилавермайди, — деди вазир. — Ҳатто, тиббиёти тараққий этган мамлакатларда ҳам узоқ муддатли таҳлиллар ва катта тайёргарликдан сўнг бажарилади. Чунки бу — ўта ноёб операция. Мана шундай муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларининг шошилинч равишда ҳамда вилоят даражасида муваффақиятли ажратиб олиниши мамлакатимиз тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин далилидир.
Сиам эгизакларини ажратиб олиш операциясида иштирок этган бир гуруҳ мутахассислар вазир А.Худаяров томонидан “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Саломатлиги яхшиланган жажжи беморлар ва уларнинг онасига бугун шифохонадан уйига жавоб берилди.
ССВ Матбуот хизмати томонидан шу ҳақда тайёрланган батафсил материал ва видеолавҳа билан яқин вақтларда танишасиз.









