Ўзбек йигитининг шеъри Парижда янгради

    Умид интернет орқали Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилаётган “Халқаро истеъдодлар” танлови эълон қилинганидан хабар топди.

    Қизиқиши устун келди, иқтидорини намойиш қилиш истаги пайдо бўлди.

    Умид Қодиров Арнасой туманининг Чинобод маҳалласида туғилиб ўсди, 12-мактабда таълим олди. Ўқиб юрган кезлари адабиёт фанига қизиқиши ортиб, турли бадиий китобларни мутолаа қилиш билан бирга ўзи ҳам назм йўналишида ижод қилиб турарди.

    Унинг қалбида уйғонган ҳавас устозларининг қўллаб-қувватлови билан иштиёққа айланди. Ўқиб ўрганишдан эринмади, ёзган шеърларини Жиззах шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Сангзор”, “Мушоира” клубларининг фаол аъзоси сифатида сайқаллаб борди.

    Мактабни тугаллагач, ўқишни давом эттириш учун Чимкент давлат университетига ҳужжатларини топширди. У ҳозир Тараз ўнурлиқ университети 1-курс талабаси.

    Шундай қилиб, йигит халқаро танловда онлайн равишда иштирок этиб, ўзининг “Матонатнинг уруғини эккан эл” номли шеърини ўқиб берди. Ўзбек боласининг шеърлари Парижда жаранглади.

    Қарагин, қандайин гўзал Пойкандинг,

    Она шаҳар, минг гулларга буркандинг.

    Сени севдим, жоним билан борим-ла,

    Умид қилиб умидига етган эл.

    ...Минг даҳолар, буюкларни туққан эл,

    Матонатнинг уруғини эккан эл!...

    Не бахтки, ёш ижодкор “Халқаро истеъдодлар” танловининг бадиий адабиёт йўналишида 2-ўринга сазовор бўлди. Унга танлов муассислари почта орқали сертификат, кўкрак нишони ва устози Салоҳиддин Кенжаевга диплом юборилган.

    Бундан илҳомланган Умид айни пайтда Қозоғистонда ўтказилаётган “Орзулар фестивали” халқаро танловида қатнашишини ният қилган.

    Холниса РАҲМОНҚУЛОВА