Ўзбекистон – бахтиёр хотин-қизлар диёри

    Ижтимоий ҳаёт 6 март 2021 5629

    Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

    Муҳташам кошонага Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган, жамият ҳаётининг барча жабҳасида фидокорона меҳнат қилаётган аёллар, Зулфияхоним қизлари ва меҳмонларни гуллар билан кутиб олган йигитлар залга кузатиб қўйди.

    Улар орасида мамлакатимизда фаолият юритаётган чет эллик дипломат аёллар, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари ҳам бор.
    Байрамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, юртимиз хотин-қизларини айём билан қутлади, мўътабар оналар, мунис аёллар ҳамда дилбар қизларга меҳри, ҳурмат ва эҳтиромини изҳор этди.

    – Сизлар биз учун, аввало, муқаддас она, азиз Ватан, оила тимсоли, битмас-туганмас меҳр, эзгулик ва куч-ғайрат манбаидирсиз, – деди давлатимиз раҳбари.
    Ўзбекистонда 17 миллиондан зиёд хотин-қизлар бор. Кейинги йилларда уларнинг ҳар бири учун муносиб турмуш шароити яратиш, жамиятнинг фаол аъзоси сифатида иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий жараёнларда иштирокини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш янги Ўзбекистон ислоҳотлари мақсадига айланди.

    Аёл кўзи қувонч, меҳр ва бахт нури билан порлаши керак. Шу мақсад-муддао йўлидаги ҳаракатлар дастлаб оила, маҳаллалардаги ўзгаришларда самара бера бошлади. Масъул раҳбарлар “Аёллар дафтари” асосида уйма-уй юриб, энг чекка қишлоқлардаги хотин-қизлар билан ҳам мулоқотга киришди.

    Уларнинг муаммолари ўрганилди, орзу-мақсадлари тингланди. Энг муҳими, бу муаммоларнинг ҳар бирига ечим топилди. Пировардида, минглаб аёлларнинг орзуси ушалди. Бугун улар тадбиркор, оилавий бизнес, ҳунар эгаси, мулкдор — бахтли аёл ва она.

    Ислоҳотлар заминида яшаяпмиз. Тўрт йилдан зиёд вақт мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси, ўзгаришларга мустаҳкам ишончи, халқимиз ҳаёти фаровонлиги йўлидаги куч-ғайрати барчамизни янги марралар сари ундаб келади. Жамият ҳаёти, ислоҳотларимиз самарадорлиги йўлида хотин-қизлар фаоллиги ҳам сезиларли ошди. Бугун 1,5 мингга яқин ўзбекистонлик аёллар раҳбарлик лавозимларида ишламоқда. Улар орасида 6 та туман ҳокими, сиёсий доира вакиллари, илм-фан намоёндалари, фермерлар, йирик ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари, экспортёр тадбиркорлар бор.

    – Оилавий бахт, бу – энг улуғ саодатдир, – деди Президентимиз. Бу саодатга эришиш йўлидаги ишлар, хусусан, хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, иш билан таъминлаш, яшаш шароитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлар тизимли давом эттирилиши ҳақида айтилди.

    Байрам арафасида, 5 март куни Президентимиз “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарорни имзолагани шу қутлуғ мақсадлар йўлидаги муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлди. Эндиликда қарор асосида барча жабҳаларда хотин-қизларнинг фаоллиги оширилиб, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашилади, тадбиркорлик ташаббуслари янада қўллаб-қувватланади, муаммоларини ҳал этишга жиддий киришилади. Бу саъй-ҳаракатлар “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурига ҳамоҳанглиги билан янада муҳим аҳамият касб этади.

    Президентимиз байрам арафасида ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган хотин-қизларни алоҳида эътироф этди. Кейинги йилларда давлат мукофотларига сазовор бўлаётган аёллар сафи кенгайиб бораётгани, жойларда ўзининг касб соҳасида катта натижаларга эришган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган 297 нафар опа-сингилларга “Мўътабар аёл” кўкрак нишонлари берилгани мамнуният билан таъкидланди.

    Улар орасида фарзандини она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаб, элга қўшган оналар, аҳоли саломатлигини асраш, ёш авлодга таълим беришда фидойилик кўрсатган аёллар борлиги ҳам таҳсинга лойиқ.

    Байрам тадбирида давлатимиз раҳбари ана шу юксак мукофотларни ўз эгаларига топширди.

    – Тўрт йил ичида ўқувчиларимизнинг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичини 40 фоиздан 80 фоизга етказдик, – деди Жиззах давлат педагогика институти қошидаги “Сайилжой” академик лицейи директори, “Соғлом турмуш” медали соҳибаси Феруза Солиева. – Олти ўқувчимиз халқаро, тўрт ўқувчимиз республика фан олимпиадаси ғолиби бўлди. Ҳозир Тошкент тиббиёт академиясида таҳсил олаётган битирувчимиз Сардор Тожибоев халқаро фан олимпиадасида кумуш медални қўлга киритиб, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган пул мукофотини олди. Унга 66 миллион 650 минг, ўқитувчисига 55 миллион 790 минг сўм пул берилди.

    Вилоят ҳокими ҳам Сардорга 30 миллион, устозига 20 миллион сўм мукофот берди. Авваллари ўқитувчи шунча пул топиш учун неча йил қоғозбозликка кўмилиб, бошқа ташкилот раҳбарлари таънаю дашномларига чидаб ишлаши керак эди. Кейинги йилларда ўқитувчиларнинг орзулари амалга ошди. Бунинг учун давлатимиз раҳбарига раҳмат айтамиз.

    Президентимизнинг 3 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги фармони билан йигирма саккиз нафар фаол қиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

    Бу мукофот соҳибалари ҳақида ҳам алоҳида фахр билан гапириш мумкин. Уларнинг юз-кўзидаги шижоат, олий мақсадларга талпиниш ҳиссини кўриб завқланасиз, қалбингиз фахрга тўлади.
    Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Мадина Суннатова француз тилини мукаммал билади, рус ва инглиз тилларида эркин гаплашади, бошқа тилларни ўрганиш ҳаракатида. “Француз тилини ўрганмоқчимисиз, марҳамат” номли 2 қисмли ўқув-қўлланма муаллифи.

    — Давлатимизнинг Зулфия номидаги юксак мукофотини олиш ҳар бир ўзбекистонлик қиз учун олий бахт, — деди Мадина Суннатова. — Бугун мен шундай шарафга эришдим. Давлатимиз раҳбарининг ўз қўлидан олганим эса алоҳида қувончли, бир умр унутилмас воқеа бўлди. Олдимизда мақсадлар кўп, Ватанимиз, Президентимизнинг биздан умиди катта. Ишончни оқлашимиз керак. Бу йўлда барча шароитлар, имкониятлар етарли.

    Бугун Ўзбекистон бахтиёр хотин-қизлар диёри сифатида ҳам танилди. Ҳар бир аёл, аввало, она сифатида эъзоз топмоқда. Қадриятларимизни, ўзлигимизни, миллий урф-одатларимизни унутмаган ҳолда камолга етаётган фарзандлар тарбиясида оналарни ҳаёт бешигига қиёслаш мумкин.

    Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, бугунги таҳликали даврда давлатлар, миллатларнинг ўз йўлини топиши кўп жиҳатдан рақобатбардош кадрларга боғлиқ. Шу маънода гап ўзани яна мўътабар хилқат – аёллар – оналар қудрати, шарафи томон бурилади.

    Эл корига ярайдиган, иқтидорли, соғлом фарзандлар оналар ардоғида камол топади.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчилари, халқаро ташкилотлар раҳбар хонимларини ҳам байрам билан қутлади.

    Тантанали тадбир байрам дастурхони атрофида концерт дастури, дилкаш суҳбатлар билан давом этди.

    Барчанинг кўнглидан кечаётган ҳаяжон Ҳалима Худойбердиева ёзган сатрларда жамлангандек эди:

    Онагинам!
    Дориламон кунлар келди, шафақлари ол,
    Қаён боқсанг, шайланишлар ва созлашлар тор...

    Улуғбек АСРОРОВ,
    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates