Ўзбекистон – Саудия Арабистони савдо - иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги кейинги қадамлар муҳокама қилинди

    Жорий йил 3 майда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Ар-Риёд шаҳрида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ билан учрашди.

    Учрашув чоғида икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати делегацияси шу йил январь ойида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ҳаётга татбиқ этилиши атрофлича муҳокама қилинди.

    Суҳбат давомида энергетика, қишлоқ хўжалиги, кимё саноати, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Энергетика ва унинг инфратузилмасини ривожлантириш соҳасига Саудия Арабистонининг қўшимча инвестицияларини жалб этиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Таъкидланишича, жорий йилнинг март ойида «АCWА Power» компанияси директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасида электр энергиясини ишлаб чиқарувчи қувватларни ривожлантириш бўйича янги дастур тасдиқланган. Дастур Сирдарё вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида умумий миқдори 3 миллиард долларга тенг бўлган қўшимча лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.

    Хорижий томон Саудия Арабистони йирик компанияларининг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти юқори бўлган мамлакат сифатида Ўзбекистонга қизиқишини таъкидлаб, Саудия Арабистони инвестицияларини қўшимча лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шу ўринда жорий йилнинг май-июнь ойлари давомида ишбилармон доираларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш ва Тошкент, Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида қўшма бизнес-форумлар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

    Икки мамлакат ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри йўловчи авиақатновини йўлга қўйиш орқали ўзаро сайёҳлар оқимларини кўпайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, ҳар икки йўналишда ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришнинг салмоқли салоҳияти мавжудлиги қайд этилиб, томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни янада фаоллаштиришга келишиб олдилар.

    Тадбир якунида устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан амалдаги саъй-ҳаракатлар хусусида келишиб олинди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates