Ўзбекистон – Япония: меҳнат миграцияси масалалари муҳокама қилинди

    Халқаро ҳамкорлик 26 октябр 2020 591

    Бугун Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида Ўзбекистон – Япония давлатлари ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш, келгусидаги истиқболли режаларни амалга ошириш юзасидан Япониянинг Таълим соҳасида халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JITCO) билан музокаралар ўтказилди.

    Музокаралардан кўзланган асосий мақсад – 2019 йил 15 январь ҳамда 17 декабрда имзоланган техник тингловчиларни Японияга тайёрлаш ва шу Японияга малакали ишчиларни жалб қилиш меморандумлари лойиҳалари асосида ишларни жадаллаштиришга қаратишдан иборат.

    Музокаралар давомида JITCOга аъзо бўлган Япониянинг 3 мингдан ортиқ бандлик агентликлари билан мамлакатимиздаги хусусий бандлик агентликлари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувларга эришилди.

    Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон меҳнат салоҳиятини Японияда кенг тарғиб қилиш борасида келишувга эришилиб, айни пайтда ушбу масалаларни ҳаётга татбиқ қилиш юзасидан меморандум ишлаб чиқиш ишлари амалга ошириляпти, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.