Ўзбекистон аэропортларида коронавирус учун мажбурий тест жорий этилди

    Долзарб 14 январ 2022 747

    Тест синовидан ўтиш қиймати 5 долларни ташкил қилади.

    Махсус комиссия қарорига кўра, Ўзбекистон аэропортларида коронавирус учун мажбурий тест синовлари жорий этилди. Ушбу талаб фақат мамлакатга келаётганларга тегишли. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.

    Қайд этилишича, COVID-19’га қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг 2022 йил 11 январдаги баённомасига асосан Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириш ҳолатлари кўпайиши ва «омикрон» штами аниқлангани сабабли мамлакатда карантин чораларини кучайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

    Хусусан, 15 январдан бошлаб Давлат божхона қўмитаси Санитария-эпидемиология осойишталиги хизмати билан биргаликда Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларнинг учиб келиш залларида экспресс-тест пунктларини ташкил этади. Келган барча фуқаролар коронавирус учун экспресс тестдан ўтишлари керак бўлади.

    Хабарга кўра, тест синовидан ўтиш қиймати Ўзбекистон Республикаси Марказий банки курси бўйича сўм эквивалентида 5 доллар миқдорида белгиланади. Талабалик гувоҳномаси бўлган талабаларга 50 фоиз чегирма берилади. I ва II гуруҳ ногиронлари тест синовларини бепул топширади. Икки ёшгача бўлган болаларни ковид учун текшириш шарт эмас.

    Маълум қилинишича, коронавирусга тест топшириш Давлат божхона қўмитасининг марказий лабораторияси томонидан ўтказилади. Барча аэропортларда бунинг учун махсус зоналар, карталар билан тўловларни қабул қилиш учун терминаллар, нақд пул олиш учун банкоматлар ва валюта айирбошлаш пунктлари мавжуд.

    Тўловни амалга ошириб, квитанцияни олган йўловчи тўғридан-тўғри синовга юборилади, шундан сўнг паспортга штрих-код ёпиштирилади. Синов натижаларини олиш учун тахминан 15 дақиқа вақт кетади.

    Бу вақт ичида йўловчи юкларини олиб, божхона назоратидан ўтишга улгуриши мумкин. Терминалдан чиқишда штрих-код сканердан ўтказилади ва йўловчи тезкор коронавирус тести натижасини олади. Агар тест ижобий натижа берса, йўловчи изоляцияга олинади.

    Таъкидланишича, йўловчилар олинганига 48 соатдан кўп бўлмаган ПЦР тестининг салбий натижаси тўғрисидаги гувоҳномага эга бўлиши кераклиги ҳақидаги қоида ҳали ҳам барча авиакомпанияларда амал қилмоқда.