Ўзбекистон аёллар учун ҳам, якка саёҳатчилар учун ҳам жуда хавфсиз бўлган сайёҳлик йўналишидир

    Туризм 17 август 2022 1731

    Британия-Ҳиндистон ихтисослаштирилган туристик медиа портали - «The Lifestylе» саҳифасида Ўзбекистон сайёҳлик брендининг Буюк Британиядаги элчиси Софи Ибботсон билан мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлиги ҳақидаги интервью эълон қилинди.

    Суҳбатда қайд этилганидек, икки минг йилликлар давомида маданият маркази ҳисобланган Ўзбекистон ажойиб меъморчиликка эга, қадимий шаҳарлар коллекциясининг ватани бўлган мамлакатимиз диққатга сазовор масканлари бўйича Марказий Осиёдаги энг машҳур сайёҳлик йўналиши ҳисобланади.

    Софи Ибботсон ЮНEСКОнинг Жаҳон мероси объектлари бўлган ва қадимий тарих ҳамда муҳташам меъморий ёдгорликларга эга бўлган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини зиёрат қилишдан ташқари, Фарғона водийси билан танишишни ҳам тавсия этади. «Бу нафақат ҳунармандчилик, хусусан, сопол буюмлару ипак ишлаб чиқариши билан машҳур бўлган минтақа, балки Жанубий Осиёдан келган саёҳатчилар учун жуда қизиқарли манзил ҳамдир. Чунки айнан шу ерда Бобурийлар сулоласи пайдо бўлган. Бундан ташқари, археология мухлислари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри ва Қорақалпоғистонни ҳам ўз кўзлари билан кўришлари жуда қизиқарли кечади», дея таъкидлайди у.

    Ўзбекистоннинг меҳмонхона тармоқлари ҳақидаги атрофлича маълумотлар ҳам ушбу суҳбатдан алоҳида ўрин олган. Шу ўринда Софи Ибботсон ҳашаматли меҳмонхоналардан тортиб бутик-меҳмонхоналар ва ўтов лагерларигача бўлган турар жойларнинг катта танлови, шунингдек, фаол дам олувчилар учун Амирсой тоғ курорти имкониятлари ҳақидаги маълумотларни ўртоқлашган.

    Шу билан бирга, Софи Ибботсон бой ва ранг-баранг миллий таомларимиз ҳақида тўхталар экан, бир қатор анъанавий таомлар, шунингдек, қулай транспорт инфратузилмаси тафсилотларига, шу жумладан, «Афросиёб» тезюрар поездининг қатновига алоҳида урғу берган.

    Муаллиф Ўзбекистон аёллар учун ҳам, якка саёҳатчилар учун ҳам жуда хавфсиз бўлган сайёҳлик йўналиши эканлигини алоҳида таъкидлаган.

    Юқоридагилар билан бирга, ушбу интервьюда Ўзбекистонда саёҳатчилар учун амал қиладиган визасиз режим ҳамда электрон виза имкониятлари ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган, деб хабар беради «Дунё» АА.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates