Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг тақдимоти бўлди

    Урбанизация 18 январ 2022 2735

    Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биноси лойиҳаси ва Самарқанддаги «Буюк Ипак йўли» музейининг дастлабки концепцияси тақдим этилди.

    Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг тақдимоти бўлиб ўтди. Музейнинг архитектура лойиҳаси бутун дунёга машҳур архитектор, Притксеров мукофоти совриндори Тадао Андонинг «Tadao Ando Architect & Associates» меъморчилик бюроси иштирокида амалга ошириляпти.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаяне Умерова, қурилиш вазири ўринбосари Насрулло Бобоев, «Atelier Brückner» бюроси вакиллари, бюронинг бошқарув ҳамкори Эберхарт Шлаг, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Tashkent city» қурилиш дирекцияси вакиллари қатнашди.

    Ўзбекистон Давлат санъат музейи янги биносининг қурилиши 2022-2023 йилларда Тошкент шаҳрида, «Абулқосим мадрасаси», «Истиқлол» санъат саройи ва Алишер Навоий ҳайкали оралиғида олиб борилади.

    Тадбирда маълум қилинишича, музейнинг дизайн концепцияси катта экспозиция майдони, музей коллекцияларини сақлаш хонаси, кутубхона, маъруза хонаси, кафе ҳамда том қисмида терраса ва паркни ўз ичига олган.

    Тақдимот давомида объектнинг бош режаси, экспозиция майдони, жамоатчилик учун ажратилган ҳудуд, музей коллекциялари хонаси, анжуманлар зали, ресторан, кафе ва аудиториялар ҳамда кутубхонанинг муҳандислик ва режалаштириш қарорлари ҳавола этилди. Музейни лойиҳалаштириш ишлари музей майдони фаолиятига доир барча энг янги технологияларини инобатга олган ҳолда олиб бориляпти.

    Таъкидлаш жоизки, Давлат санъат музейи янги биносининг тўлиқ тақдимоти 2022 йил апрель ойида намойиш этилади.

    Самарқанд шаҳрида «Буюк Ипак йўли» музейини бунёд этиш Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасига топширилган. Лойиҳа Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Мазкур лойиҳанинг дизайн концепциясини яратишда Жамғарма Германиянинг «ATELIER BROOKNER GmbH» бюроси билан ҳамкорлик қиляпти.

    «Буюк Ипак йўли» музейи Самарқанд шаҳри марказида – Университет бульвари ва Бобур Мирзо кўчаси ўртасида жойлашган.

    Дастлабки дизайн концепциясига кўра, қайтадан қурилиши режалаштирилаётган музейнинг ташқи кўриниши силлиқ ипак тасма шаклида бўлиб, Ипак йўлини эслатади ва бутун бино бўйлаб акс этиб, марказий майдонни пандус кўринишида кесиб ўтади. Бинонинг биринчи қавати марказида Самарқанд шаҳри тасвири намоён бўлади, том қисмида эса — барча қаватлардан кўриниб турувчи ландшафт элементлари. Шунингдек, бинонинг бармоқларни эслатувчи ўзига хос майдони кўргазма экспозицияларини яратиш учун қулай шароит билан таъминлайди.

    Шу билан бирга, музейнинг кўргазма залларининг ички безакларига ҳамоҳанг бўлган юқори қаватдаги экспозиция зонаси уч «қанот» орқали ўтади ва марказий очиқ Атриумни қамраб олади. Ҳар бир «қанот»нинг охирида уч тематик зона жойлашган.

    Концепцияга кўра, бино пастки қаватининг қўшимча майдонлари юқори қаватдаги кўргазмага олиб борувчи марказий пандуслар билан боғланади ва галереялар уч тематик зонага ажратилади: илм-фан ва маданият, йўналиш ва ландшафт, экспорт ва импорт. Ушбу зоналар ўртасида Самарқанд шаҳри маркази - маданиятлараро кесишма акс этади ва бу ердаги катта доира витрина катта коллекцияларни намойиш қилиш имконини беради.

    Жамғарма музей дизайни концепциясини ишлаб чиқишда шунингдек инклюзив муҳитни таъминлашга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, меҳмонларнинг қулайлиги учун музейда кўрсаткичлар ўрнатилган, рақамли ва меъморчилик дизайнига ўзига хос равишда ёндашилган.

    Шунингдек, музей майдонидан янада самарали фойдаланиш мақсадида унинг том қисмида дам олиш учун, шу жумладан меҳмонларнинг ўтириши жойларни кўпайтириш, болалар майдони ва боғ қисмини кенгайтириш кўзда тутилган. Энг асосийси, қурилиш майдони атрофидаги дарахтларга зиён етказмаслик мақсад қилинган.

    Мазкур лойиҳа ЮНEСКО бутунжаҳон мероси қўмитасига мувофиқлаштириш учун киритилади, зеро объект қурилиши режалаштирилган ҳудуд Самарқанднинг ЮНEСКО рўйхатидан ўрин олган тарихий қисмида жойлашган, деб хабар беради Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates