Ўзбекистон делегацияси газ таъминоти бўйича Туркия тажрибасини ўрганди

    Энергетика 19 июл 2021 948

    Энергетика вазири ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 2021 йил 1-10 июль кунлари Туркияда энергетика соҳасидаги ислоҳотларининг боришини, газ транспорт тизимини ўрганиш мақсадида амалий ташриф билан Туркия Республикасида бўлди.

    Ўрганиш давомида делегация аъзолари ушбу соҳада фаолият юритаётган Туркиянинг етакчи компаниялари фаолияти билан танишдилар. Хизмат сафари давомида делегация бир қатор шаҳарларга ташриф буюрди, хусусан, Дўзче шаҳридаги газ етказиб бериш операторининг иш жараёнлари, шу жумладан ҳисобга олиш, сифати ва асосий кўрсаткичларининг аниқланиши билан танишилди. Шунингдек, ширкатнинг таркибий тузилмаси, унда абонентларнинг газ таъминотига уланиши, лойиҳалаш жараёни, уй ичи тармоқларини қуриш, шартномаларни расмийлаштириш, тўловларни амалга ошириш, газ ҳисоблагичлардан кўрсаткичларни олиш жараёнлари кўздан кечирилди, дея хабар беради Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати.

    Шунингдек, Болу шаҳрида ер ости газ қувурларининг техник ҳолатини диагностика қилиш тизими ва газлаштириш тажрибаси ўрганилди. Хусусан, газ тақсимлаш пунктларининг ҳолати, техник тавсифи, иш режими ҳамда газлаштириш жараёнлари ўрганилди. Кўп қаватли уйларга табиий газ етказиб берувчи ва хонадон ичидаги қувурларнинг монтаж қилиниши, лойиҳалаш жараёни, мобил лаборатория ва ундаги газ сиқиб чиқишини аниқловчи қурилмаларни амалда ишлатилиши билан танишилди.

    Хусусан, табиий газ етказиб беришга ихтисослашган “АКSА DOGAL GAS” компаниясининг ушбу соҳадаги тажрибаси ўрганилди. У 2000 йилда ташкил этилган бўлиб, Туркиянинг 31 та вилоят ҳудудида жойлашган 27 та вилоят маркази ҳамда 197 та туман ва шаҳарларда газ таъминоти бўйича лицензияга эга оператор ҳисобланади.

    Компания Туркияда фаолият юритадиган 72 та газ таъминоти операторидан 21 тасига эгалик қилади. “АКSА DOGAL GAS” 32 минг км газ тармоғи орқали 3,7 млн истеъмолчиларга йилига 9,6 млрд куб метр (ички истеъмолнинг 20 фоизи) атрофида газ етказиб беради.

    Ўзбекистон мутахассислари компаниянинг маълумотлар маркази (Дата-центр), Республика диспетчерлик маркази, истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш тизими ва бошқа соҳаларда инновацион тизимлар фаолияти билан танишди.

    Туркияда истеъмолчилар мурожааталарини қабул қилиш бўйича республикадаги ягона тақсимот маркази (Дата-центр) ташкил этилган бўлиб, барча ҳудудлардаги истеъмолчилардан мурожаатлар ушбу марказга тўғридан-тўғри қабул қилиниб, жойларга юборилади. Мурожаат келиб тушган ҳудудга энг яқин бўлган гуруҳ GPRS тарзда аниқланиб, унга юборилади. Белгиланган жойга етиб бориш вақти меъёри 15 дақиқа белгиланган.

    АСКУГ тизимини Ўзбекистонда татбиқ этиш доирасида ускуналарнинг зарур элементларидан бири – табиий газни тартибга солувчи воситалар Туркиядан етказиб берилмоқда. Хизмат сафари давомида делегация ушбу регуляторларни ишлаб чиқарувчи “ESKA” компанияси фаолияти билан танишди. “ESKA” томонидан газ регуляторлари ва газ тақсимлаш пунктларини ишлаб чиқариш, сифат назорати, қадоқлаш ва юклаш асосан инсон омилисиз автоматлаштирилган тизимдаги роботлар томонидан амалга оширилади.

    Хизмат сафари дастурида пластик ва регуляторлар ишлаб чиқарувчи “NTG Plastik” заводи фаолияти билан танишилди. Завод 1978 йилда ташкил этилганидан бери у турли хил полиэтилен қувурлар ва арматура ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхона асосан экспорт учун фаолият юритади, хусусан, бу ерда ишлаб чиқарилган полиэтилен қувурлар (диаметри 20 мм.дан 1200 мм.гача) ва қарийб 800 турдаги улагичлар дунёнинг 65 мамлакатига етказиб берилади. Барча маҳсулотлар халқаро стандартларга мувофиқ сертификатланган.

    Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазирлиги, Энергия бозорини тартибга солиш идораси (EMRA), “BOTAS Petroleum Pipeline Corporation” давлат компанияси расмийлари билан бир қатор учрашувлар ўтказдилар.

    Икки мамлакат мутахассислари газ таъминотини ташкил қилишда илғор тажрибаларни қўллаш имкониятлари тўғрисида фикр алмашдилар.

    Туркиянинг газ учун қонунчиликда белгиланган тариф сиёсатига мувофиқ, мамлакатда уй-жой истеъмолчилари, саноат истеъмолчилари ва энергия ишлаб чиқарувчилар учун 3 турдаги тариф нархлари мавжуд.

    Маълумот учун: 2020 йилда Туркияда табиий газ истеъмолчиларининг умумий сони 17,5 миллионни ташкил этади, шундан 16,8 миллиони аҳоли истеъмолчилари ҳисобланади.

    Туркия Республикасида табиий газнинг умумий истеъмоли 47,7 млрд куб метрни, шу жумладан аҳоли истеъмолчилари – 15,4 млрд куб метрни, электр станциялари – 13,6 млрд куб метрни, саноат – 12,7 млрд куб метрни ва бошқалар 6,0 млрд куб метрни ташкил этади. Бунда табиий газга бўлган эҳтиёж 99,7 фоизга импортдан қопланади (Россия, Озарбайжон ва Эрондан – табиий газ ҳамда Жазоир, ХДР ва Нигериядан – суюлтирилган табиий газ).

    Хизмат сафари натижаларига кўра, Туркия тажрибасига асосланиб, бозор механизмларини жорий этиш элементларини қўллаш имконияти бир қатор йўналишларда кўриб чиқилади. Хусусан, энергетика бозори регуляторини яратиш, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида газ тақсимлаш тизими объектларини фойдаланиш учун инвесторларга бериш ва бошқалар.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates