Ўзбекистон делегацияси Жанубий Корея ташқи ишлар вазирлигида учрашув ўтказди

    Жанубий Кореяда амалий ташриф билан бўлиб турган Ўзбекистон делегацияси вакиллари бугун Корея Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Чо Хён Донг билан учрашув ўтказди.

    Мулоқот чоғида Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги алоҳида стратегик шерикликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, жорий йилда икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаш доирасида қўшма тадбирларни янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

    Сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги мулоқотнинг юқори суръатларда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилиб, бу мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан ҳар икки томоннинг манфаатдор эканидан далолат беради

    Шунингдек, учрашувда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган олий даражадаги келишувларни комплекс тарзда ҳаётга тадбиқ этишнинг муҳимлиги эътироф этилди.

    Мулоқот чоғида бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида Корея томонига батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида, Чо Хён Донг мазкур ислоҳотлар жараёнига ижобий баҳо бериб, уларнинг мамлакат ривожидаги муҳим аҳамиятини қайд этди.

    Музокараларда ўзаро савдо ҳажмининг ошиши учун қулай шароитларни шакллантириш, «яшил» тараққиёт, рақамлаштириш ва ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, илмий-техникавий алмашинув дастурларини амалга ошириш, ҳудудлар ва тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, касбий таълим йўналишида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар беради «Дунё» АА.