Ўзбекистон делегацияси «Корея Республикаси – Марказий Осиё» ҳамкорлик форумида иштирок этди

    Халқаро ҳамкорлик 1 декабр 2021 1554

    2021 йил 30 ноябрда Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация «Корея Республикаси – Марказий Осиё» 14-ҳамкорлик форумида иштирок этди.

    Бу галги форумда иқлим ўзгаришига қарши курашиш, яшил иқтисодиёт, углерод нейтраллигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва рақамлаштириш соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

    Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов кун тартибидаги асосий масалалар бўйича мамлакатимизнинг истиқболлари юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилди. Хусусан, иқлим муаммоларига қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон томони «яшил» кун тартибини илгари суриш ва иқлим ўзгариши жараёнларини жиловлаш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишга тайёрлигини маълум қилди. Минтақа иқтисодиётининг углерод нейтраллигига эришиш бўйича келишилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш таклифи билдирилди.

    Пандемияга қарши курашиш, жумладан, вакциналар ишлаб чиқариш, уларнинг барчага қулайлиги, адолатли тақсимланиши ва эмлаш сертификатларининг тан олинишини таъминлаш бўйича мувофиқлаштиришни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

    Рақамлаштириш соҳасида тажриба алмашиш ва инновацион ишланмаларни алмашиш учун экспертлар ва ИТ-мутахассислари учун доимий платформа яратиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

    2022 йилда Корея Республикаси ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлишини инобатга олиб, ушбу муҳим санани биргаликда нишонлаш дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

    Форум якунлари бўйича Қўшма баёнот қабул қилинди.

    ***

    Шу куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Корея Республикаси Ташқи ишлар вазири Чон Ий Ён билан учрашув ўтказди. Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, олий ва юқори даражадаги бўлажак тадбирлар жадвали кўриб чиқилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.