Ўзбекистон делегацияси МДҲ Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги иштирок этди

    2022 йил 13 майда Душанбе шаҳрида Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.

    Қозоғистон Республикаси раислигида ўтказилган тадбирда Арманистон, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Қирғиз Республикаси, Россия, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси делегациялари иштирок этди.

    Йиғилиш иштирокчилари халқаро кун тартиби ва Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, шунингдек, МДҲ давлат ва ҳукумат раҳбарлари Кенгашларига киритиладиган кўп томонлама ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқди.

    МДҲ иштирокчи-давлатлари ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги шерикликни фаоллаштириш бўйича Ҳаракатлар дастури ва ТИВлараро маслаҳатлашувлар режасининг 2021 йилдаги ижро натижалари тасдиқланди.

    Беларус нотариал палатасига – нотариал фаолият соҳасида, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университетига – туризм соҳасида МДҲнинг таянч ташкилотлари мақомини бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

    Йиғилиш давомида Ўзбекистон делегацияси жаҳонда рўй бераётган воқеалар ва халқаро муносабатлардаги ўзгаришларнинг жадаллиги Ҳамдўстликни замонавий воқеликка доимий мослаштириш зарурлигини тақозо этишини таъкидлади.

    Ўзбекистоннинг 2020 йилда Ҳамдўстликка раислик қилиш даврида қабул қилинган Ҳамдўстликни янада ривожлантириш Концепцияси ва МДҲ иқтисодий тараққиёти Стратегиясини амалда бажариш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириш таклиф этилди.

    Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ҳамдўстлик саммитларида илгари сурилган МДҲ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятини мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий жараёнларни либераллаштириш, таълим, фан, техника, соғлиқни сақлаш, маданият соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, фуқароларнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, анъанавий ва янги чақириқ ҳамда таҳдидларга қарши туришга қаратилган ташаббусларни амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

    Бу борадаги аниқ қадамларни кенг муҳокама қилиш мақсадида МДҲ ҳамкорлари жорий йилда Ўзбекистонда ўтказиладиган саноат кооперацияси ва минтақалараро ҳамкорлик, ижодий ва илмий зиёлилар форумлари, шунингдек, Афғонистон бўйича юқори даражадаги халқаро конференцияга таклиф этилди.

    Йиғилиш якунида МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишини 2022 йил 13 октябрда Нур-Султон шаҳрида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates