Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтади

    Франциялик ҳамкорлар билан янги ўзаро манфаатли келишувларга устувор аҳамият қаратилмоқда.

    Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида франциялик ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ва савдо битимларининг ҳозирги ҳолати, шунингдек, Франция ҳукумати ва ишбилармон доиралари иштирокидаги келгуси тадбирларга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, жорий йилнинг 11 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 8-йиғилиши ҳамда Ўзбекистон-Франция бизнес-форуми бўлиб ўтади.

    Ушбу тадбирлар доирасида икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилиш учун Франция Республикаси ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик вазири Фрэнк Риестернинг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилиши кутилаётгани маълум қилинди.

    Музокарада иштирок этган вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари, тижорат банклари ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбарлари билан биргаликда амалдаги келишувлар ижроси батафсил таҳлил қилинди, тегишли масалалар аниқланиб, уларни ҳал этиш алгоритмлари ишлаб чиқилди.

    Шу билан бирга, бугунги кунда франциялик ҳамкорлар билан қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, энергетика ва бошқа соҳаларда биргаликда фаол тарзда ривожлантирилаётган истиқболли лойиҳалар ва келишувлар кўриб чиқилди. Ўзбекистонда юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш мақсадида Франциянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

    Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш маркази раҳбариятига франциялик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича янги истиқболли таклифларни ишлаб чиқишда тегишли вазирлик ва идораларга амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан алоҳида кўрсатмалар берилди.

    Тижорат банклари раҳбарларига ҳамкорликнинг янги йўналишларига оид аниқ таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида Франциянинг етакчи банк-молия муассасалари билан муносабатларни янада фаоллаштириш зарурлигига кўрсатиб ўтилди.

    Муҳокама якунлари бўйича мутасадди раҳбарларга келгуси тадбирлар кун тартибини амалий мазмун билан тўлдириш мақсадида франциялик ҳамкасблар ва тадбиркорлар билан самарали ҳамкорлик қилиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.