Ўзбекистон МДҲ Туризм Кенгаши ҳузурида Тезкор муносабат билдириш гуруҳини тузиш ташаббуси билан чиқди

    МДҲ мамлакатларининг "Ишбилармонлик ташаббуслари ҳафталиги" доирасида туризм бўйича онлайн форум бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси номидан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Азамов иштирок этди.

    Ўзбекистон раислиги остида ўтган мазкур форумда МДҲ Ижроия қўмитаси, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси, Тожикистон ва Туркманистон туризм маъмуриятлари, шунингдек МДҲ мамлакатларининг 50 дан ортиқ сайёҳлик компаниялари, уюшмалар ва авиакомпаниялар вакиллари иштирок этишди. Биринчи ялпи сессияда форум иштирокчилари Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ҳукуматлари томонидан COVID-19 пандемиясининг туризм саноатига салбий таъсирини юмшатиш бўйича соҳа субъектларини солиқ имтиёзлари, кредит таътиллари, субсидиялар ва бошқа шакллардаги кечиктириб бўлмайдиган қўллаб-қувватлаш чоралари билан таъминланганликларига оид маълумотлар билан танишишди.

    МДҲ Туризм бўйича Ижроия Қўмитаси вакили Татьяна Ковалева коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирларни, шунингдек, туризм фаолияти субъектларига давлатнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганини юқори баҳолади. Ушбу форум МДҲга аъзо давлатлар ўртасида туристик саёҳатни тиклаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, "соатларни солиштириш" учун жуда долзарб ва самарали платформага айлангани таъкидланди.

    Ўз навбатида, МДҲга аъзо давлатларнинг туризм департаментлари вакиллари форум иштирокчиларига ўз мамлакатларидаги туризм соҳасининг пандемия ҳолати ва халқаро туристик алмашинувни қайта бошлаш режалари тўғрисида маълумот беришди. Иккинчи ялпи сессиясида тадбиркорлик субъектлари ва соҳа мутахассислари билан фикр алмашилди. Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлардан келган сайёҳлик бизнеси вакиллари бизнесни туризм соҳасидаги янги ҳақиқатларга мослаштиришнинг муваффақиятли ҳолатларини тақдим этишди, иштирокчиларни келгуси туристик мавсум учун маҳсулотлар билан таништиришди. Шунингдек, форум иштирокчилари сайёҳлик бизнесига Ҳамдўстлик маконидаги шериклар билан биргаликда ҳамкорликнинг янги, барқарор ўсиш нуқталарини топишда ёрдам бериш мақсадида МДҲга аъзо давлатларнинг туристик маъмуриятлари ўртасида саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва тизимли, тўғридан-тўғри мулоқотни ўтказишнинг долзарб масалаларини кўриб чиқишди.

    Комбинацияланган саёҳат маршрутларини ишлаб чиқиш мақсадида тадбир иштирокчилари МДҲ Туризм Кенгашига аъзо давлатларнинг туристик маъмуриятларидан, ўз мамлакатларининг жалб қилинган вазирлик ва идоралари билан биргаликда Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида халқаро чегара пунктларидан туристик гуруҳларининг тез ва қулай ўтишини таъминлаш чораларини кўришни сўрашди. Бундан ташқари, улар сайёҳлар учун хавфсизлик даражасини ошириш ва санитария-гигиена меъёрларига риоя қилиш масалаларини муҳокама қилишди. Сайёҳлар учун санитария хавфсизлиги чораларига риоя қилишга доир талабларнинг бирлаштирилишини, шунингдек, МДҲга аъзо давлатларнинг «COVID-19» ва бошқа эпидемияларнинг юқори хавфсизлик стандартларига мувофиқлигини сертификатлаш масалаларини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

    Форум якунларига кўра, сайёҳлик бизнесининг манфаатларини инобатга олган ҳолда, пандемия ва туризм соҳасидаги вазият, халқаро туристик саёҳатлар учун янги талаблар, шунингдек, янги туристик мавсумга тайёргарлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш мақсадида сайёҳлик компанияларига ишончли маълумот олишларини қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон Республикаси томонидан МДҲ Туризм Кенгаши ҳузурида туризм идораларининг масъул раҳбарлари даражасида тезкор муносабат билдириш гуруҳини яратиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ташаббус МДҲ Ижроия Қўмитаси, туризм идоралари вакиллари ва Форум иштирокчилари томонидан маъқулланди ва қўллаб-қувватланди.

    Бундан ташқари, МДҲ Ижроия Қўмитаси ушбу гуруҳ ишини ахборот билан таъминлаш мақсадида сайёҳлик бизнеси вакилларининг таклифлар ҳамда саволларни тўплаш, МДҲ мамлакатларида сайёҳлик соҳасининг тикланиши жараёни ва бошқалар ҳақида долзарб маълумотларни тақдим этиш мақсадида расмий веб-сайтида алоҳида ахборот блокини ташкил этишга тайёр эканлигини билдирди.