Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси янги метро йўналишидаги шароитларни баҳолади

    Ижтимоий ҳаёт 26 январ 2021 2500

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Раматовнинг топшириғига биноан, яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида, яқинда қурилган Сергели метро йўналишида Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси вакиллари учун махсус учрашув ташкил этилди.

    Учрашувда Транспорт вазирининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси, «Тошкент метрополитени» УК раҳбарининг ўринбосари ва бошқа қатор масъул шахслар иштирок этишди.

    Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Фарҳод Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, ҳозирда Сергели метро линиясида Ассоциациянинг 12та асосий талабларидан 9таси ҳисобга олинган. Шу билан бирга, ногиронлар учун қўшимча шароитлар яратиш бўйича ҳам аниқ таклифлар билдирилди. Жумладан, ушбу тоифадаги одамлар учун станция ходимларини чақириш учун чақирув тугмачаларини ўрнатиш, ногиронлар учун махсус тўхташ жойларини белгилаш, ҳамда метро станциялари ёнидан ўтувчи автомобиль йўлларидан ўтиш мақсадида махсус тугмачали светофор, пиёдалар ўтиш жойи ва ҳоказоларни ўрнатиш имкониятларини кўриб чиқиш таклифлари билдирилди.

    Бундан ташқари, янги станцияларнинг ташқи кўринишида замонавийлик ва миллий услуб уйғунлаштирилганлиги, метрополитенда йўловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида барча шароитлар яратилганлиги, электрон турникетлар, эскалатор ва лифтлар ўрнатилганлиги, ўзига хос дизайндаги қулай ўриндиқлар ва декоратив ўсимлик билан безатилганлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Янги метро линияси кунига 35 мингга яқин йўловчи ташиш қувватига эга.

    Учрашув якунида, томонлар ўзаро имконияти чекланган инсонлар ва бошқа метро фойдаланувчилари учун кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.