Ўзбекистон-Португалия: Ҳамкорликнинг янги қирралари

    Бизнес 30 март 2021 580

    Ўзбекистон ва Португалия ўртасида Видеоконференция алоқаси шаклида учрашув ташкил этилди.

    Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масаласи бўлиб ўтган онлайн-мулоқотнинг асосий мавзуси бўлди.

    Тадбирда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, «Ўзчармсаноат» уюшмаси, мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси ҳамда Португалия ташқи савдо ва инвестиция агентлиги – «AICEP Portugal Global», Португалия саноат уюшмаси (AIP) вакиллари иштирок этди.

    Онлайн-мулоқот аввалида «Ўзчармсаноат» уюшмаси томонидан мамлакатимизнинг чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоғи ҳақида батафсил маълумот берилди. Соҳанинг инвестициявий ва ишлаб чиқариш салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Португалия ташқи савдо ва инвестиция агентлиги раиси Луиш Филип де Кастро Энрикес мазкур ташкилотнинг вазифалари ва имкониятлари тўғрисида учрашув иштирокчиларига маълумот тақдим этди.

    Маълумот учун, AICEP Portugal Global давлат ташкилоти саналади. Асосий вазифаси Португалия бизнесини ривожлантириш ва халқаро ҳамкорлик миқёсида хорижий мамлакатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишдир. Шунингдек, инвестицияларни жалб этиш ва хорижга йўналтириш бўйича хизматлар кўрсатиш, хуқуқий маслаҳатлар бериш ҳамда ишончли алоқаларни топиш билан шуғулланади. Инвестиция лойиҳаларни ишга туширишда бевосита иштирок этади.

    «AICEP Portugal Global»нинг асосий вазифаларидан яна бири ҳамкорликка доир хужжатларни ишлаб чиқишда зарур бўладиган маркетинг маълумотларини тайёрлаш билан шуғулланиш ҳисобланади.

    Онлайн мулоқотда Португалия томони ҳамкорлик учун қулай соҳаларни чуқурроқ ўрганиш ва истиқболли лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш мақсадида экспертлар миссиясини Ўзбекистонга юборишни режалаштираётганини маълум қилди.

    Онлайн-учрашувда чарм-пойабзал, шунингдек, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа тармоқлар бўйича Португалия вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама этилди. Шунингдек, Лиссабонда икки давлат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.

    Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Португалия ўртасида бизнес делегациялар ташрифини ташкил этиш, ҳамкорликнинг амалий жиҳатларини юзма-юз муҳокама қилиб олиш бўйича қарор қабул қилдилар, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.