баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ўзбекистон Президенти ва Қозоғистоннинг Биринчи Президенти ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиқдилар

    Ҳукумат 7 май 2021 3190

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 май куни Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти, Элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.

    Етакчилар Ғалаба куни ва яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ҳайити билан бир-бирларини самимий табриклаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

    Суҳбатда Ўзбекистон-Қозоғистон кўп қиррали ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди, Марказий Осиёдаги вазият юзасидан фикр алмашилди.

    Турли даражалардаги фаол ва самарали икки томонлама мулоқотлар туфайли ҳамкорлик ижобий суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

    Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 28 фоизга ўсди. Ўтган ойда чегараолди ҳудудлардан бирида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича халқаро марказ қурилиши бошланди.

    Устувор инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини биргаликда тайёрлаш ва амалга ошириш, жумладан, Учқудуқ–Қизилўрда автомобиль ва темир йўллари ҳамда Туркистон-Тошкент тезюрар темир йўлини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

    Икки мамлакат ҳудудлари яқиндан ҳамкорлик қилмоқда, маданий-гуманитар алмашинув борасидаги муҳим дастурлар давом эттирилмоқда.

    Ўзбекистон Президенти ва Элбоши биродар халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, ишонч ва шериклик руҳидаги алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида кенг кўламли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим эканини алоҳида таъкидладилар.