Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди

    Мамлакатимизда 22 ноябр 2020 766

    Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда парламент юқори палатаси ахборот хизмати.

    Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Миллий кенгаш раиси Танзила Нарбаева бошқарди.

    Тадбирда Кенгаш аъзолари, сенаторлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот муассасалари мутасаддилари иштирок этди.

    Йиғилишда Миллий кенгаш ва Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама этилиб келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, йиғилишда Соғлиқни сақлаш ҳамда Давлат харидлари соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари фаолиятлари муҳокама этилди. Бу бўйича Агентлик, Cоғлиқни сақлаш ва Молия вазирликлари мутасаддиларининг ахборотлари эшитилди.

    Тадбирда ишчи гуруҳлари билан максимал даражада ишлаш ва албатта кўзлаган мақсадга эришиш кераклиги, айнан ушбу соҳалар коррупциядан холи “намунали соҳа” бўлиши ва бунинг тажрибаси бошқа барча соҳаларга татбиқ этилиши лозимлиги таъкидланди.

    Бундан ташқари, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва Миллий кенгаш иш режасига кўра ишлаб чиқилган коррупцияга қарши курашиш халқаро стандартларини Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига имплементация қилишни давом эттириш бўйича “йўл харитаси” лойиҳаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди.

    Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари лойиҳалари кўриб чиқилди.

    Йиғилиш якунида “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш” кунига бағишланган Антикоррупцион ҳафталикни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

    Кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.