Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ҳайъат йиғилиши бўлиб ўтди

    Мамлакатимизда 27 июн 2022 1511

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ТИВ Ҳайъат йиғилишини ўтказди. Тадбирда вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Вазирлик бошқармалари бошлиқлари, чет элдаги ваколатхоналар ҳамда ТИВ тасарруфидаги муассасалар раҳбарлари иштироки этди.

    Мажлисга, шунингдек, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат юридик университети ректорлари таклиф этилди.

    Ҳайъат кун тартибига мувофиқ ТИВ тизимининг кадрлар салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама этилди.

    Вазирлик тизимида персонални бошқариш механизмларини такомиллаштириш, ходимларнинг малакасини замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда ошириш, ёш мутахассисларни жалб этиш, дипломатик кадрларни «ТИВ марказий аппарати – чет элдаги дипломатик фаолият – академик фаолият» тамойили асосида алмашинуви тизимини жорий этиш, ТИВ эҳтиёжларидан, ташқи сиёсат ва иқтисодий дипломатия соҳасидаги долзарб вазифалардан келиб чиққан ҳолда тармоқ ўқув юртларининг ўқув дастурларини янгилаш, Ўзбекистон ОТМлари билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида «Йўл хариталарини» ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузурида «Ёш дипломатлар клуби» ни ташкил этиш режаси эълон қилинди.

    Йиғилишда Ташқи ишлар вазирлиги ва чет элдаги ваколатхоналарнинг иқтисодий дипломатия соҳасидаги фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди.

    Бу борада идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш, хорижий давлатлар ва халқаро институтлар билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни жадаллаштириш, Ўзбекистон иқтисодиётига хорижий инвестициялар ва технологияларни жалб этиш бўйича ишларни кучайтириш, ташқи иқтисодий соҳада қабул қилинган қарорлар ва эришилган келишувларни амалга ошириш устидан қатъий назорат қилиш муҳимлиги қайд этилди.

    Учрашув якунида мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг ўринбосари Алишербек Пайгамов иштирок этди.