Ўзбекистон-Сингапур: ўзаро ишонч ва кўп қиррали ҳамкорлик ривожланишидаги янги босқич

    Халқаро ҳамкорлик 18 январ 2023 1038

    Ўзбекистон Сингапур билан олиб бораётган дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликнинг ривожланиши Янги Ўзбекистон белгилаб олган тараққиёт босқичида муҳим тажриба вазифасини ўтамоқда.

    Ҳеч қайси мамлакат халқаро муносабатларсиз, бошқа давлатлар билан иқтисодий ва маданий алоқаларга киришмасдан тараққий этмайди. Бирон бир давлат билан дипломатик муносабат ўрнатилар экан, бу биринчи навбатда халқлар ўртасидаги маданий алоқалар ривожлантиришга йўл очса, бошқа тарафдан иккала давлат манфаатлари учун хизмат қилувчи муносабатларни вужудга келтиради.

    Ўзбекистон Мустақилликка эришганидан кейин Осиё-Тинч океани минтақасидаги ривожланаётган мамлакатлар, жумладан Сингапур Республикаси билан дўстона алоқаларга киришди. Сингапур Ўзбекистон Мустақиллигини 1992 йилда тан олган, 1997 йил 8 апрелда дипломатик алоқалар ўрнатилган.

    2017 йилга келиб Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги дипломатик ва иқтисодий алоқалар ривожланиши янги босқичга кўтарилди. Айнан шу йилга келиб, ҳамкорлик алоқалар ўрнатилганлигига 20 йил тўлди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ва Сингапур Республикаси Президентлари мамлакатларимиз ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 20 йиллиги муносабати билан бир-бирларига табрик йўллаган. Иккала мамлакат ўртасида нафақат иқтисодий, балки таълим соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқалари фаоллашиб бормоқда.

    Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 17 январь куни Сингапур Республикаси Президенти Ҳалима Ёқубнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

    Таъкидлаш ўринлики, ташрифни тарихий деб, аташ мумкин. Боиси, Сингапур – Осиё-Тинч океани минтақасининг иқтисодий маркази. Мамлакат электроника, кимё саноати, биотехнологиялар, банк соҳаси, логистика ва транспорт машинасозлиги каби муҳим тармоқлардаги муваффақиятлари орқали жаҳондаги энг йирик ва ривожланган иқтисодиётлардан бири бўлиб келмоқда.

    Ўз навбатида, юртимизнинг алоҳида жуғрофий-сиёсий жойлашуви ва табиий захираларнинг мўллиги, айниқса охирги йиллар олиб борилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида нуфузини ошириб, хорижий шериклар топишдаги муваффақиятида муҳим омил бўлмоқда.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев янги 2023 йилдаги илк ташрифи айнан Сингапурга амалга оширгани Ўзбекистоннинг мазкур мамлакат билан мустаҳкам ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга алоҳида эътиборидан далолат беради.

    Ташриф давомида Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги муносабатларни янада чуқурлаштириш истиқболлари, ижтимоий-сиёсий ҳаётни демократлаштириш борасидаги ислоҳотлар юзасидан фикр алмашилди.

    Эътиборлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди:

    Биринчисиинсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш. Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистон Давлат бошқаруви академияси негизида Сингапурнинг етакчи экспертларини жалб қилган ҳолда давлат хизматчиларини интенсив қайта тайёрлаш дастури ишга туширилади.

    ИккинчисиСингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилиш. Музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш дорасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди. Давлат корхоналарини трансформация қилиш ва таркибий ўзгартириш, кейинчалик уларни IPOга чиқариш ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун қўшма Инвестиция жамғармасини тузиш таклиф қилинди.

    Учинчисиилғор «яшил» технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш. Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг «яшил» ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.

    Тўртинчисишаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш. Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди.

    Бешинчисиинвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш. Устав капитали 500 миллион АҚШ доллар бўлган Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.

    Олтинчисижамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш.

    Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Сингапур билан олиб бораётган дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликнинг ривожланиши Янги Ўзбекистон белгилаб олган тараққиёт босқичида муҳим тажриба вазифасини ўтамоқда.

    Нурилло ТЎХТАСИНОВ,

    Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси