Ўзбекистон тарихида биринчи марта қишлоқ хўжалиги тармоғи рўйхатдан ўтказилади

    Дунёдаги ҳар бир мамлакат, ўзининг аҳолиси ва унинг яшаш ҳолати бўйича ишончли маълумотга эга бўлиш мақсадида мунтазам равишда рўйхатга олиш тадбирларини ўтказиб келади. Кўпчилик давлатларда бу жараён ҳар ўн йилда амалга оширилади. Ўзбекистонда мустақиллика эришилгандан буён илк бор ана шундай амалиётни 2023 йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши белгиланган. Айни пайтда унга ҳозирлик ишлари кенг кўламда давом этяпти.

    БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг тавсиясига биноан, худди шундай тадбирлар жаҳон агросекторида ҳам ташкил этиб келинади. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 26 февралдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида статистик маълумотлар базасини кенгайтириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, республикамизда 2024 йилда мазкур тармоқда рўйхатдан ўтказишни амалга ошириш режалаштирилган. Унинг мақсад-моҳияти ва олдинда турган вазифалар хусусида Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси раиси, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Баҳодир БЕГАЛОВ билан суҳбатда бўлдик.

    — Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичга кўтариш вазифаси ва жаҳонда озиқ-овқат маҳсулотларига талабнинг ошиб бориши аграр соҳани тубдан ислоҳ қилишни, унга бозор механизмлари, айниқса, инновацион ва тежамкор технологияларни, инвестицияларни кенг жалб қилишни тақозо этмоқда. Ана шу мақсадларга эришишда тармоқда фаолият кўрсатаётган субъектларнинг батафсил тавсифларига эга бўлиш, уларнинг ҳолати ва тузилиши тўғрисидаги расмий статистик маълумотларни жамлаш қандай аҳамият касб этади?

    — Ҳаммамизга яхши аёнки, қишлоқ хўжалиги иқтисодиётнинг энг қадимий, шу билан бирга ўз ўрни ва аҳамиятини йўқотмайдиган таянч соҳаларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда республика ялпи ички маҳсулотининг қарийб 30 фоизи мазкур тармоқ ҳиссасига тўғри келади. Мамлакатимиз аҳолисининг ярми қишлоқ жойларда истиқомат қилишини инобатга олсак, табиийки, уларнинг турмуш фаровонлиги кўп жиҳатдан аграр соҳанинг ривожланиши билан узвий боғлиқ. Айни вақтда бутун дунё миқёсида озиқ-овқат хавфсизлигига асосий эътибор қаратилмоқда.

    Президентимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда тармоқни тубдан янгилаш ва ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, соҳага инвестицияларни кенг жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилиб, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари жадаллашиб боряпти. Аграр инфратузилма ва моддий-техник базани мустаҳкамлаш, шунингдек, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сотишгача бўлган яхлит занжиини ўз ичига қамраб олган кластер тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш ҳамда фойдаланишга қайта киритиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

    Масалан, охирги йилларда ҳосилдорлиги паст бўлган пахта ва ғалла майдонлари ўрнига мева-сабзавот ва озуқа экинларини етиштиришга аҳамият бериляпти, интенсив боғлар ва токзорлар, замонавий иссиқхоналар барпо этиляпти. Чорвачилик тармоғини ривожлантириш дастурлари доирасида қорамолчилик, қўй ва эчкичилик, паррандачилик, балиқчилик каби кўплаб хўжаликлар фаолияти йўлга қўйилиб, уларга давлат томонидан тизимли ёрдам кўрсатиляпти.

    Бу, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижаларининг халқаро талабларга жавоб берадиган ҳисоб-китоблар тизимини ташкил этиш, статистик кузатувларни ўтказиш усулларини янада кенгайтириш ва такомиллаштириш юзасидан аниқ комплекс чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этмоқда. Бунда, қишлоқ хўжалиги субъектларининг батафсил тавсифларини олиш ва улар фаолиятининг асосий кўрсаткичлари, аграр секторнинг ҳолати ва тузилиши тўғрисидаги расмий статистик маълумотларни шакллантириш мақсадида рўйхатдан ўтказиш муҳим ҳисобланади.

    Мустақиллик йилларида мамлакатимиз аграр секторида бундай тадбир умуман амалга оширилмаган. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ хўжалиги ер майдонлари, асосий турдаги деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, тармоқ кўрсаткичларининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.

    Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 26 февралдаги қарорига биноан, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларини йўлга қўйиш белгиланди.

    — Мамлакатимизда бу жараён илк бор ўтказилаётган экан, табиийки, халқаро ташкилотларнинг бу борада тўплаган тажрибалари ва унга асосланган тавсиялари нечоғлик қўл келади?

    — Халқаро амалиётда, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) тавсиялари асосида аграр соҳада рўйхатдан ўтказиш одатда ўн йилда бир марта ташкил этилади. Айрим ривожланган давлатлар бу тадбир 4-10 йилда бир мартадан кам бўлмаган даврда амалга оширилади. Масалан, Германия ва Нидерландияда тўрт йилда бир марта, АҚШ, Канада ҳамда Жанубий Кореяда ҳар беш йилда, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларда 10 йилда бир марта ўтказилади.

    ФАО рўйхатдан ўтказишнинг халқаро стандартларини, тушунча ва таърифлар ҳамда услубиётларни ишлаб чиқиш билан бирга, давлатларга техник кўмак кўрсатиш орқали ҳам ёрдам бериб келади.Ҳозирда 2016-2025 йилларни қамраб олган қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш 2020 йил раунди давом этмоқда.

    Дастлаб 1930 йилда ушбу тадбир амалга оширганда ФАОга аъзо давлатлар сони 55 тани ташкил этган бўлса, 2020 йил раундида уларнинг сони 150 тага етиши кутилмоқда.

    ФАОга аъзо давлатлардан қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбирини ўтказ(ади)ганлари сони

    Навбатдаги тадбирни амалга оширадиган турли мамлакатларни методик қоидалар билан таъминлаш мақсадида ФАО томонидан икки томдан иборат “Бутунжаҳон қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказиш 2020 йил” дастури ишлаб чиқилди. Унда бу жараённи ташкил этиш, амалга ошириш, маълумотларни қайта ишлаш, натижаларни умумлаштириш, уларни чоп этиш, тарқатиш ва эълон қилиш билан боғлиқ барча масалалар бўйича батафсил маълумотлар ва тавсиялар берилган. Бундан ташқари, мазкур дастур комплекс методологик ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилган.

    — Аграр соҳада рўйхатдан ўтказиш қандай мақсад-вазифаларни ҳал этишда қўл келади?

    — Бу тадбир мамлакатимиз ҳудудида яхлит ва ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирлик бўйича аниқ бир вақтда, қишлоқ хўжалиги фаолиятининг турли тавсифлари тўғрисида халқаро таққосланадиган ишончли, холис ва яхлит маълумотларни ягона статистик методлар асосида йиғишни ташкил этишни назарда тутади. Унинг натижаларига кўра, қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг ўлчамлари, чорва моллари ва паррандалар сонининг аниқланиши келгусида мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

    Шу билан бирга, рўйхатдан ўтказиш натижасида шаклланадиган маълумотлар мамлакат қишлоқ хўжалиги соҳаси учун муҳим манба ҳисобланади. Улар тармоққа хизмат қилувчи инфратузилмани ривожлантириш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва уларни жойлаштириш бўйича дастурларни тайёрлаш учун ишончли замин яратади. Бундан ташқари, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилишда ҳамда миллий барқарор ривожланиш мақсадларини шакллантириш ҳамда унинг амалга оширилиши устидан мониторинг олиб боришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади

    Яна бир аҳамиятли томони, соҳада маълумотлар базасини яратиш, статистик ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш, уларни халқаро таққослаш ҳамда рейтингларда тўлиқ акс эттириш имконини беради. Статистик кўрсаткичларининг сифати, ишончлилиги ва шаффофлигини янада оширади.

    — Вазирлар Маҳкамасининг қарорида қишлоқ хўжалигида рўйхатдан ўтказишни босқичма-босқич амалга оширилиши белгиланган. Бу вазифаларни бажаришда қандай ҳуқуқий тартиб-тамоилларга асосланади ва янгилари яратилади?

    — Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, энг масъулиятли ҳамда узоқ вақт давом этадиган, яъни 2022-2024 йилларни ўз ичига қамраб олган тайёргарлик даври саналади.Тадбирнинг қай даражада ўтказилиши ва бу жараёнда шаклланадиган маълумотларнинг сифати ва ҳаққонийлиги кўп жиҳатдан, ушбу босқичда амалга ошириладиган ишларга боғлиқ бўлади. Жумладан, мазкур босқичда рўйхатдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тамойиллари ҳамда методик асосларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилади. Шунингдек, автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш, иштирок этувчи ходимларни жалб қилиш ва уларни ўқитиш ҳамда рўйхатдан ўтказишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар амалга оширилади.

    Ушбу даврдаги энг асосий масалалардан бири, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар тайёрлаш ҳисобланади. Юртимизнинг айрим ҳудудларида синов асосида рўйхатдан ўтказиш амалга оширилади. Унинг натижаларига кўра, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш дастури, услубий қўлланма, меъёрий ҳужжатлар ва маълумотларни қайта ишлаш усуллари ишлаб чиқилади.

    Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбири амалга оширилади. Бу дараёнда рўйхатдан ўтказувчи шахслар томонидан ҳудудларда деҳқон ва фермер хўжаликлари, томорқа ер эгалари, дала ҳовли участкалари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотлар фаолияти тўғрисидаги маълумотлар респондентлар билан ўтказилган сўровлар орқали тўпланади.

    Сўнгги босқичда, яъни 2024-2026 йиллар давомида олинган маълумотлар таҳлил қилинади, қайта ишланади ҳамда умумлаштирилиб дастлабки ва якуний натижалар эълон қилинади.

    — Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида синов тариқасида қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бедгиланган асосий вазифанинг ижросини таъминлаш учун жуда қисқа вақт қоляпти. Синов жараёни қандай мақсадларни кўзда тутади?

    — Қарорга мувофиқ, 2024 йилда ўтказиладиган қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш тадбирини сифатли амалга ошириш мақсадида 2022 йилнинг август ойида Самарқанд вилоятининг Жомбой ҳамда Тошкент вилоятининг Паркент туманларида синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш ишларини амалга ошириш белгиланган. Бу жараёнда рўйхатдан ўтказишнинг ташкилий масалалари, дастури, усуллари, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жиҳатлари амалда қўллаб кўрилади. Унинг доирасида ахборот тизимини жорий этиш, услубий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, картографик материалларни тайёрлаш, ташкилот ҳамда хўжаликлар рўйхатини шакллантириш, ҳудудларни участкаларга бўлиш, рўйхатдан ўтказувчи шахсларни танлаб олиш ва ўқитиш, моддий-техник воситалар билан таъминлаш, тарғибот ишлари ва бошқа шу каби ташкилий тадбирлар амалга оширилади.

    Мазкур ҳужжат билан бир қатор тартиб-тамоиллар тасдиқланди. Хусусан, “Йўл харитаси”да аграр тармоқда рўйхатдан ўтказиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий тадбирлар, моддий-техник ва молиявий таъминот бўйича бажариладиган ишлар ва уларни амалга ошириш механизми ҳамда муддатлари белгилаб берилган. Бу вазифаларнинг ўз вақтида ижро этилишига кўмаклашиш бўйича республика ва ҳудудий комиссиялар, Давлат статистика қўмитаси, мутасадди вазирлик, идоралар, маҳаллий ҳокимликларнинг вазифалари ҳам ўз ифодасини топган. Қабул қилинган низом эса, ташкил этиладиган бўлинмаларга вақтинча ёлланадиган ходимлар рўйхати, давлат органлари ва ташкилотларидан жалб этиладиган мутахассислар, уларга қўйиладиган талаблар ҳамда меҳнатига ҳақ тўлаш тартибларини қамраб олган.

    Синов тариқасида ўтказиладиган тадбирда респондентларнинг қишлоқ хўжалиги фаолиятига доир маълумотларини йиғишда фойдаланиладиган саволлар рўйхати унинг дастури ҳисобланади.Унга қишлоқ хўжалиги объектларининг иқтисодий фаолият турлари, меҳнат ресурслари ва уларнинг демографик тавсифлари, ер ресурслари ва улардан фойдаланиш ҳолати, қишлоқ хўжалиги экинлари майдони, кўп йиллик дарахтзорлар ва токзорлар миқдори, ҳайвонлар ва паррандаларнинг бош сони, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ҳажми ва бошқа маълумотлар киритилган.

    Хулоса ўрнида қайд этиш лозимки, синов тариқасида рўйхатдан ўтказиш натижаларига кўра, 2024 йилда қишлоқ хўжалиги соҳасида рўйхатдан ўтказиш дастури, услубий қўлланма ва норматив -ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда маълумотларни қайта ишлаш усуллари ва якунларини шакллантириш юзасидан таклифлар тайёрланади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates