Ўзбекистон ташаббуслари давлатлар тараққиётини барқарорлаштиришга хизмат қилади

    Фикр 12 ноябр 2020 2195

    Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти асримиз тенгдоши. У инсоният жадал ривожланиш палласига қадам босган бир даврда ташкил этилгани бежиз эмас эди, албатта. XXI аср бўсағасида ер куррасида кескин ва жиддий геосиёсий ўзгаришлар юз берди. Бу вазиятда ШҲТ ташкил топишини замонимизнинг мушкул саволларига минтақамиз халқларининг муштарак жавоби бўлди, дейиш мумкин.

    ШҲТ қисқа даврда амалий ҳаракат тузилмаси сифатида майдонга чиқди. Бу жараёнда нафақат мулоқот учун платформа, балки халқларимиз кутаётган, давлатларимизни безовта қилаётган муаммо ва масалаларни ечишда умуммақсадларни амалга оширувчи муҳим ташкилотга айланди. Шу боис, ташкилот дунёдаги энг нуфузли ва обрўли халқаро тузилма сифатида эътироф этила бошланди. Бугун ташкилотга сайёрамизнинг тўртдан бир ҳудудини эгаллаган давлатлар аъзо, ер юзи аҳолисининг 40 фоизи шу давлатларда яшайди. Дунё ялпи маҳсулотининг учдан бири ШҲТга аъзо мамлакатларда ишлаб чиқарилади. Бу ҳам ташкилот нуфузини оширади, ҳам иқтисодий салоҳияти юқори эканини кўрсатади.

    Нуфузли ташкилотнинг энг асосий икки йўналиши бор. Биринчиси, хавфсизлик масалаларини ҳал қилиш, иккинчиси, минтақавий ривожланиш, яъни барқарор иқтисодий, ижтимоий тараққиёт дастурларини амалга ошириш.

    Ўзбекистоннинг ШҲТга муносабати доимо жиддий бўлиб келган. Ҳамкорлигимиз доирасида фақат ички низолар, муаммоларни ҳал қилиш эмас, мудом кўп томонлама, минтақавий дастурларни тарғиб этишга интилганмиз. Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиб, илгари сурган ташаббуслари ҳам ана шу концептуал қарашни ўзида мужассам этгани билан ажралиб туради. Шу жиҳатдан ҳам Ўзбекистон етакчисининг бу саммитдаги нутқи сиёсатчилар, экспертлар, тадқиқотчилар эътиборини жалб қилди.

    Давлатимиз раҳбари ўз нутқида 14 та жуда долзарб, минтақавий кўламли ташаббусни айтди. Уларнинг барчаси минтақа, ташкилотга аъзо давлатлар аҳолисини безовта қилаётган масалалар эди.

    Шавкат Мирзиёев ШҲТ олдида турган энг муҳим мақсад — ҳозирги пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантириш масаласини кўтарди.

    Пандемия сабаб иқтисодий ҳамкорлик занжири узилиб қолди. Бу занжирни тиклаш барча мамлакат иқтисодиёти учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, нутқда бу борада мақсадга эришиш йўллари ҳам аниқ айтилди. Жумладан, “ностандарт” ёндашувлардан биргаликда фойдаланиш, бунда “Ақлли қишлоқ хўжалиги”, “Яшил технологиялар” концепциясини ҳамкорликда жорий этиш зарурлигини таъкидлади.

    Яна бир муҳим йўналиш — иқтисодиётни рақамлаштириш борасида муҳим таклифларини баён қилди. Гап шу ҳақда кетганида, Ўзбекистон бу йўналишда муҳим ташаббусларни илгари суриб келаётганини эслаш ўринли. ШҲТнинг 2019 йил Бишкек саммитида иқтисодиётни рақамлаштириш бўйича дастур Ўзбекистон ташаббуси асосида қабул қилинган эди.

    Саммитда Президентимиз илгари сурган транспорт йўлакларини ривожлантириш ташаббуси ҳам ғоят долзарб аҳамият касб этади. Шунингдек, Пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳам ҳаётий зарур масала бўлиб қолмоқда. Коронавирус сабаб озиқ-овқат маҳсулотларини бир мамлакатдан иккинчи мамлакатга олиб келишда муайян қийинчиликлар пайдо бўлди.

    Ўзбекистон раҳбари озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф қилди ва бу ШҲТга аъзо давлатлар томонидан ижобий баҳоланди.

    Глобаллашув даврида энг муҳим масалалардан бири, бу — саноат кооперацияси. Ҳеч бир мамлакат у ёки бу товарни бошдан охиригача ўзи ишлаб чиқара олмайди. Ҳатто, йирик кластерлар ташкил қилганда ҳам бунга эришиш жуда мушкул. Шу боис, кооперация, яъни ҳам илмий, ҳам амалий ҳамкорлик ниҳоятда муҳим. Президентимиз ШҲТга аъзо давлатлар ишбилармон доиралари ўртасида Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини қабул қилиш тарафдори эканини айтди. Бу таклиф халқаро экспертлар томонидан ҳаётий зарурат экани таъкидланмоқда.

    Тўртинчи саноат инқилоби даврида энг муҳим йўналишлардан бири — минтақамиз мамлакатларини ривожланган давлатлар сафига киритиш учун аҳолининг ахборот технологияларидан хабардорлигини таъминлаш. Бу борада ҳам Шавкат Мирзиёев янги ташаббусни айтди. Россия, Хитой, Ҳиндистон каби АКТ ривожланган давлатлар билан зарур инфратузилмани жорий этиш таклифини билдирди.

    ШҲТга аъзо давлатлар учун энг муҳим масалалардан бири, бу — камбағалликни қисқартириш. Давлатимиз раҳбари бу ­борада илғор тажрибалардан фойдаланиш зарурлигини айтди. Эътибор берсак, охирги йилларда Хитойда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасида 740 миллион фуқаро камбағаллик даражасидан ўрта даромадли тоифага ўтди. Умуман олганда, 2020 йил охирига келиб, Хитойда камбағалликни батамом тугатиш мақсад қилинган. Албатта, бу тажрибани ўрганишимиз керак.

    Бугунги кунда мамлакатларнинг икки ёки кўп томонлама ҳамкорлигини коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Саммитда Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугун инсоният илгари маълум бўлмаган инфекцияларга дуч келмоқда. Уларга қарши курашиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланмоқда. Шу маънода, давлатимиз раҳбари юқумли касалликларнинг тарқалиши тўғрисида ахборот билан самарали алмашинув тизимини йўлга қўйиш таклифи билан чиқди. Жумладан, Эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши кураш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратиш таклиф этилди. Шу асосда юқумли касалликларни диагностика, профилактика қилиш, даволаш бўйича тажриба алмашиш, шифокорлар қўшма гуруҳини ташкил қилиш мумкин бўлади. Албатта, бу ниҳоятда муҳим.

    Афсуски, ҳали тугамаган пандемия даврида халқаро ҳамкорлик ниҳоятда самарали бўлди, деб айтолмаймиз. Демак, тегишли хулосалар чиқариб, бу борада ҳамкорликни такомиллаштириш зарур. Бунда эса Ўзбекистон ташаббусларини амалга ошириш катта аҳамият касб этади.

    Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти учун хавфсизлик масалалари ниҳоятда муҳим. Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси жойлашган. Президентимиз шу тузилмани хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ортиб бораётганини айтди. Шу орқали бизни безовта қилаётган масалалар, яъни халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик, экстремизмга қарши курашда ҳам ахборот алмашинуви, ҳам бошқа ҳамкорликни фаол йўлга қўйиш мумкинлиги таъкидланди.

    Давлатимиз раҳбари минтақамиз хавфсизлигига доир яна бир таҳликали масалага эътибор қаратди. Бу — Афғонистондаги вазият.

    Шавкат Мирзиёев “ШҲТ — Афғонистон” мулоқот гуруҳи доирасида Афғонистоннинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тез фурсатда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклифини билдирди.

    Бугун Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаб турувчи транспорт йўлакларини барпо этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Бу ШҲТга аъзо мамлакатлар учун янги истиқболларни очиши шубҳасиз. Президентимиз шу каби масалаларни 2021 йил апрель ойида Тошкентда ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Хатар ва имкониятлар” халқаро конференциясида муҳокама қилишни таклиф этди.

    Биз ўйлаймизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу каби ташаббуслари амалга оширилиши, биринчи навбатда, минтақа мамлакатлари тараққиётини барқарорлаштиришга, ШҲТнинг фаолият самарадорлигини янги поғонага кўтаришга ёрдам беради.

    Содиқ САФОЕВ,

    Ўзбекистон Республикаси

    Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари