Тадбирда Туризм қўмитаси раҳбарияти, Малайзия ва Пенанг штати ҳукуматларининг туризм йўналиши раҳбарлари, шунингдек Ўзбекистон ва Малайзиянинг туризм соҳасидаги етакчи мутахассислари ҳамда бизнес вакиллари иштирок этдилар.
Форумда Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари, тарихий обидалари, маданий ва табиий бойликлари ҳақида тақдимотлар бўлиб ўтди. Тақдимотларда Ўзбекистоннинг туризм йўналишлари, шу жумладан, Шаҳрисабз, Самарқанд, Бухоро, Хива ва бошқа шаҳарларининг бой маданий ва тарихий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ туризм бизнеси вакиллари иштирокида ўтказилган «B2B» учрашувлари доирасида Ўзбекистон ва Малайзия сайёҳлик компаниялари ўртасида ишбилармонлик алоқалари ўрнатилди, ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди ва туристлар оқимини ошириш бўйича ўзаро келишувларга эришилди.
Шунингдек, Малайзия сайёҳлик компаниялари вакиллари форум доираси ташкил этилган «Янги Ўзбекистон» фотокўргазмаси орқали сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳудудларида барпо этилган янги туризм масканлари, янгиланган инфратузилмалар ва маданий мерос объектлари билан танишдилар.
Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар юртимизнинг бой ва ранг-баранг маданияти ҳамда анъаналарини акс эттирувчи миллий куй-қўшиқлар ва рақслар билан яқиндан танишиб, ўзбек миллий таомларидан татиб кўрдилар, деб хабар беради Туризм қўмитаси матбуот хизмати.