Суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳада ва парламентлар ўртасидаги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги мулоқот ва олий даражадаги ташрифлар давлатлараро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди.
Икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми охирги йилларда 5 баробарга ошди. Саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Маданий-гуманитар соҳада «Шарқ тароналари», «Славянский базар» каби фестиваллар ўтказиш орқали ҳамкорлик кучайгани таъкидланди. Таълим йўналишида 45 та олий ўқув ташкилотлари ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, икки мингдан ортиқ талабалар таҳсил олмоқда.
Парламентлараро йўналишда ташрифлар, қўшма форумлар ва комиссия фаолияти изчил давом этяпти. Жорий йилда «дўстлик гуруҳи» Ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссияга айлантирилгани муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга доир ҳужжатлар имзоланди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.









