Ўзбекистон ва Миср ўртасида фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд

    Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов Мисрда бўлиб ўтган давра суҳбати чоғида айтиб ўтди.

    Жорий йилнинг 18 февраль куни Қоҳирада Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг жамоатчилик билан алоқалар шўъбаси таъкидлашича, мазкур учрашувда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов маъруза билан иштирок этди.

    Марказ раҳбари ўз нутқида сўнгги йилларда иқтисодий соҳада Ўзбекистон – Миср муносабатлари фаол ривожланиш босқичига ўтганини таъкидлади. 2017 йилдан буён ўзаро савдо ва сармоявий ҳамкорлик фаоллашиб, ушбу йўналишга устувор аҳамият берилмоқда.

    Шунингдек, Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ Ас-Сисининг 2018 йил 4 сентябрда Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича қиймати 483 миллион долларлик савдо ва сармоявий келишувларга эришилгани қайд этилди.

    Марказнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сўнгги беш йилда 3 баробардан зиёд, 2017 йилда қарийб 10 миллион доллардан 2022 йилда 30,5 миллион долларгача ошди. Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти 16 баробарга ошган.

    Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Мисрга экспорти таркибига тўқимачилик маҳсулотлари, транспорт ускуналари ва хизматлари, шу жумладан, ҳаво транспорти хизматлари киради. Ўзбекистоннинг 2022 йилда Мисрдан амалга оширилган импорт таркибидан озиқ-овқат маҳсулотлари, кимё маҳсулотлари, машина ва транспорт ускуналари ва хизматлар ўрин олган.

    Марказ директорининг сўзларига кўра, инвестицион соҳадаги ҳамкорлик ҳам фаол ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда мисрлик ишбилармонларнинг капитали иштирокида 29 қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Мисрнинг “Солифар” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги "Бўстонлиқ-фарм" ЭИЗда фармацевтика соҳасида (қиймати 20 миллион доллар) ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Қашқадарё вилоятида гепатит C препаратларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича (1,4 миллион доллар) Мисрнинг “One World Pharma” компанияси билан ишлар олиб борилмоқда. "Kapo Agri" компанияси билан Наманган вилоятида балиқчилик соҳасидаги лойиҳа бўйича музокаралар бўлиб ўтказилди.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ўзаро савдо ва инвестицион кўрсаткичлари ҳажми тўғрисидаги маълумотлар таҳлили натижасида ушбу соҳада ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжуд эканлиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

    Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли, изчил ва тизимли демократик ислоҳотлар ҳақида тўхталар экан, Марказ раҳбари мамлакатимиз олдига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 40 фоизга ошириш ва 120 миллиард доллардан ортиқ қўшимча инвестициялар жалб этиш мақсадлари белгиланганини таъкидлади. Шу билан бирга, 2026 йил охирига келиб, хусусий банкларнинг улуши банклар умумий активларининг 60 фоизига етказилиши, 2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи 15 фоиздан 12 фоизгача камайиши ва банк, молия ҳамда телекоммуникация соҳаларидаги корхоналар учун даромад солиғи 15 фоизга туширилиши тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

    Тақдимот якунида Обид Ҳакимов “Буларнинг барчаси мисрлик йирик инвесторларга Ўзбекистондаги хилма-хил савдо-иқтисодий лойиҳаларида иштирок этиш, Марказий Осиёнинг қоқ Марказидаги жўғрофий ўрнини ҳисобга олган ҳолда қўшма инвестицион лойиҳаларини амалга ошириш имконини беради. Бу эса унумдорлик ва экспорт имкониятларини оширади”, деб таъкидлади.