Ўзбекистон ва Озарбайжон делегацияларининг кенгайтирилган музокаралари бўлиб ўтди

    Ҳукумат 21 июн 2022 3319

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда музокара ўтказдилар.

    Давлатимиз раҳбари йиғилишни очар экан, Озарбайжон Ўзбекистоннинг яқин дўсти ва вақт билан синалган, ишончли стратегик шериги эканини таъкидлади. Мамлакатларимизни дин, маънавий қадриятлар муштараклиги, анъаналар, тил ва маданият ўхшашлиги боғлаб туради.

    Шавкат Мирзиёев ўзаро манфаатли ҳамкорлик юксак даражага чиққани, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон-Озарбайжон стратегик шериклигини янада кенгайтириш ва уни янги амалий мазмун билан бойитишга интилиш қатъий эканини тасдиқлади.

    Ўзбекистон Президенти ҳамкорлик учун мавжуд улкан салоҳиятни ишга солиш, икки мамлакат иқтисодиётини тўлдириб турувчи омиллардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

    Хусусан, давлатимиз раҳбари ўзаро савдо ҳажмини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, виночилик, озиқ-овқат, қурилиш, нефть-газ, газ-кимё, фармацевтика, агросаноат ва бошқа тармоқларда қатор лойиҳаларни амалга оширишни таклиф этди. Мамлакатларимизда истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олинди.

    Шунингдек, маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш учун давлатларимиз ҳудудидаги эркин иқтисодий зоналарда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

    Шу маънода, транспорт коммуникациялари тизимидан, шу жумладан “Боку – Тбилиси - Қарс” темир йўлидан фойдаланган ҳолда бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари келишиб олинди. Икки томонлама савдо ва товарлар транзити йўлидаги тўсиқларни ўз вақтида бартараф этиш учун транспорт вазирлари раҳбарлигидаги махсус ишчи гуруҳ ташкил этилади.

    Ҳамкорликнинг яна бир истиқболли йўналиши – қишлоқ хўжалиги. Бу борадаги имкониятлар қайд этилар экан, мутасадди вазирларга ипакчилик кластерини ташкил этиш, ғўзачиликдаги лойиҳаларни илгари суриш, инновацион ишланмаларни жорий қилиш бўйича “йўл харитаси”ни келишиб олиш топширилди.

    Кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришда ҳудудлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутади. Томонлар яқин фурсатда мамлакатларимиз пойтахтлари ва йирик шаҳарлари ўзаро ҳамкорлик муносабатларини йўлга қўйишига келишиб олдилар. Давлатимиз раҳбари жорий йилда Тошкент шаҳрида биринчи Ҳудудлар форуми ва уларнинг саноат салоҳиятига бағишланган кўргазмани ўтказиш таклифини илгари сурди.

    Туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳам ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши қайд этилди. Президентлар бу борада алоҳида дастур қабул қилиш ва қўшма туризм ярмаркасини ўтказиш ғоясини қўллаб-қувватладилар.

    Музокаралар чоғида маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, Маданият ва кино кунларини ўтказиш, олий таълим даргоҳлари, илмий муассасалар, спорт ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтириш юзасидан қатор бошқа келишувларга ҳам эришилди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates