Ўзбекистон ва Покистон минтақавий хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик чора-тадбирларини муҳокама қилди

    Хавфсизлик 23 феврал 2022 1378

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Равалпинди шаҳрида Покистон Ислом Республикаси Штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси раиси генерал Надим Раза билан учрашди.

    Учрашув чоғида томонлар икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликнинг юксак даражасини таъкидлаб, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ҳамкорликни мустаҳкамлаш доирасида биргаликдаги ҳаракатларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар. Шу нуқтаи назардан, халқаро терроризм, экстремизмга қарши курашиш ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш борасидаги Ўзбекистон-Покистон ҳамкорлигининг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилди.

    Музокаралар кун тартибига иқтисодий шерикликнинг бугунги ҳолати ҳам киритилди. Ўзбекистон ва Покистонни боғлайдиган транспорт йўлакларини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда, транспорт-коммуникация соҳасидаги амалий ҳамкорлик устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Бу йўналишда биргаликда олиб борилган натижадор ишлар икки мамлакат иқтисодиётининг ўзаро боғлиқлигига ижобий таъсир кўрсатувчи асосий омил бўлиши мумкинлиги таъкидланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.