Ўзбекистон ва Россия энергетика вазирлари ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

    Жорий йил 3 июнда Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султанов Россия Энергетика вазири Николай Шульгинов билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

    Учрашув давомида энергетика раҳбарлари икки томонлама ва кўп томонлама форматдаги ўзаро алоқаларни ривожлантиришга, шунингдек, Россия компанияларининг Ўзбекистондаги энергетик лойиҳаларининг жорий ва истиқболлари хусусида тўхталиб ўтдилар деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

    «Ўзбекистон том маънода Россиянинг энергетика соҳасидаги узоқ муддатли ҳамкоридир, мамлакатлар ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда яқин ва барқарор алоқалар ривожланган. Россия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасида газ, нефть ва энергетика соҳаларида фаол ишлар олиб борилмоқда. Бизнинг компанияларимиз, Газпром ва унинг шўъба корхоналари, ЛУКОЙЛ Ўзбекистондаги нефть ва газ конларини ўзлаштириш бўйича узоқ муддатли муваффақиятли ҳамкорлик алоқаларига эга ва бу борада трансчегаравий энергия таъминоти ўсиб бормоқда», — деди Николай Шульгинов.

    Бундан ташқари, Россия компаниялари электр энергетика соҳасидаги қатор лойиҳаларни, хусусан, республика ҳудудида гидроэлектр станцияларни қуриш бўйича лойиҳаларни назорат қилиб, фаол ҳамкорлик қилмоқда, — дея таъкидлади Россия Энергетика вазири.

    «Ўтган йили ҳукуматлараро комиссия доирасида Энергетика бўйича кичик комиссия ташкил этилди. Кичик комиссиянинг вазифаси Россия ва Ўзбекистон корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган», — деди Николай Шульгинов.

    «Россия Ўзбекистоннинг энергетика соҳасидаги энг ишончли ҳамкорларидан биридир. Россия билан ҳамкорлик асосида углеводородлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширилмоқда. Бунда Россия томонидан «ВEБ.РФ» ва «Газпромбанк» АЖ бевосита иштирок этмоқда. Россиянинг «ИКС Холдинг» компанияси кўмаги билан энергетика саноатини рақамлаштириш концепцияси ишлаб чиқилмоқда ва амалга оширилади. Газпромбанк нефть ва газ саноатидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда катта ёрдам беради. «Зарубежнефть», «ФОРУС» АЖ, «Татнефть» ва бошқа Россиянинг нуфузли компаниялари бизнинг энергетик ҳамкорлигимизга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоқда.

    Ўзбекистон - Россия ҳамкорлиги жараёнида ҳақиқатан ҳам илғор технологиялар туғилаётгани ва қўлланилаётгани қувонарлидир. Бизнинг ҳамкорлигимизнинг алоҳида қисми кадрлар тайёрлаш бўйича шериклик ҳисобланади. Ўзбекистон ёқилғи-энергетика комплексининг келажакдаги мутахассислари Россиянинг Тошкентда очилган учта университети филиалларида малака оширмоқда. Олдинда мамлакатларимизнинг энергетик ривожланишини аниқлайдиган янада кўпроқ қўшма лойиҳалар борлигига аминман», — деди Алишер Султанов.