Ўзбекистон ва Россия ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди

    Халқаро ҳамкорлик 2 декабр 2022 871

    Жорий йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг 3-мажлисида иштирок этди.

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Россия Федерацияси Ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро ҳамкорлик муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.

    Жорий йил 15 сентябрда Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин томонидан Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзолангани таъкидланди.

    Ҳукуматлар олдига турли соҳаларда амалий ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш вазифаси қўйилган.

    Мажлисда истиқболли сармоявий лойиҳалар ва савдо шартномаларининг амалга оширилишини таъминлаш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни чуқурлаштириш режаларини келишиб олинди.

    Кейинги беш йилда Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баравар кўпайиб, қарийб уч мингтага етди. Биргина жорий йилда 700 та корхона ташкил этилди.

    Ўз навбатида Россияда ҳам ўзбек капитали иштирокида мингга яқин корхона фаолият юритяпти.

    Бугунги кунда давлатларимиз ўртасида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, электротехника ва машинасозлик соҳаларида саноат кооперацияси ривожланяпти.

    Томонлар транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлиги билдирилди. Жорий йилда юк ташиш ҳажми 21 фоизга ошгани, бунда транзит юк ташишлар салмоғи 25 фоизга кўпайгани мамнуният билан қайд этилди. Шу билан бирга ҳудудлар орқали транзит юк ташишда ишончли транспорт-логистика занжирларини шакллантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш зарурлиги таъкидланди.

    Таълим ва илм-фан, маданият соҳаларидаги ҳамкорлик икки томонлама муносабатларнинг муҳим йўналишларидан ҳисобланади. Айни пайтда Ўзбекистонда Россиядаги олий таълим муассасаларининг 14 та филиали фаолият юритяпти, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    Мажлис якунига кўра, ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ўндан ортиқ ҳужжат имзоланди.

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates