Ўзбекистон ва Россия тўқимачилик жабҳаларини ривожлантириш бўйича уч томонлама битим имзоланди

    Москвада «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси, Сбербанк ва «Strategy Partners» (Россия) компанияси ўртасида узоқ муддатли муносабатларни ривожлантириш ва Ўзбекистон ва Россия тўқимачилик тармоқлари рақобатбардошлигини ошириш бўйича уч томонлама битим имзоланди.

    Ҳужжатни имзолаш маросимида «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, Сбербанк бошқаруви раисининг ўринбосари Анатолий Попов ва «Strategy Partners» компанияси шерик бошқарувчиси Валерий Плотников ҳамда мамлакатимизнинг Москвадаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

    «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров имзоланган мазкур битим доирасида Сбербанкнинг замонавий молиявий имкониятларидан фойдаланиш Ўзбекистон ва Россия тўқимачилик тармоқлари ўртасидаги кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича ташланган салмоқли қадам ҳисобланишини қайд этди.

    Сбербанк бошқаруви раисининг ўринбосари Анатолий Попов хом ашё ва тайёр маҳсулот етказиб бериш, корхоналар интеграцияси ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш, рақамли трансформацияни ривожлантириш ҳамда барқарор ривожланиш тамойилларидан қўлланиш соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон ва Россия тўқимачилик саноатини сифат жиҳатдан янги даражага олиб чиқишга кўмаклашишини айтди. У ишлаб чиқариш занжирида рақамли технологиялар ва молиявий воситаларни илгари суриш Россия ва Ўзбекистон компанияларининг иқтисодий ҳамкорлигига янги туртки беришини қайд этди.

    Имзоланган ҳужжатга мувофиқ, томонлар молиялаштириш механизмларини белгилаш, инвестиция лойиҳалари тизимини ишлаб чиқиш, қўшма ишлаб чиқариш ҳамда хом ашё ва тайёр маҳсулот етказиб бериш шаклларини яратиш борасида ўзаро ҳамкорлик қилишни режалаштиряпти, деб хабар беради «Дунё» АА мухбири.