Ўзбекистон ва Туркия мудофаа вазирлари ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболлари ҳақида фикр алмашди

    Ҳарбий 28 октябр 2020 1393

    Туркия Республикаси мудофаа вазири генерал Хулуси Акар бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташрифи давомида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов билан учрашди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

    Дастлаб Мудофаа вазирлигида фахрий қоровул иштирокида меҳмонларни расмий кутиб олиш тадбири бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр томонидан икки давлат мадҳияси ижро этилди. Шундан сўнг қардош халқ ҳарбий делегацияси шарафига Мудофаа вазирлигида қабул уюштирилиб, музокаралар давом эттирилди.

    Музокараларда Баҳодир Қурбонов ва Хулуси Акар Ўзбекистон ҳамда Туркия давлатларини бир-бири билан чамбарчас боғлаб турувчи жиҳатларга алоҳида тўхталиб ўтди. Дини, тили, тарихий урф-одатлари бир бу икки халқнинг дўстона муносабатлари бундан кейин ҳам янада мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирилди.

    Мудофаа вазирлари давлат раҳбарларининг олий даражадаги ташрифлари давомида эришилган натижаларга, шунингдек, ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.

    Тадбир якунида икки давлат Мудофаа вазирлиги раҳбарлари Ўзбекистон билан Туркия ўртасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида битим имзолади.