Ўзбекистон ва Туркманистон – асрлар силсиласида синалган  дўстлар

    Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

    Дўстга садоқат, қондош-қариндошлик ришталарини қадрлаш, уларнинг қувончига шерик, ғамига елкадош бўлиш, синовли дамларда садоқат ва меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу фазилатдир. Халқимизнинг ҳаёти ва турмуш тарзининг асоси бўлиб келган бундай қадриятлар инсон камолотида ва жамият ривожида муҳим ўрин тутган.

    Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистонннинг ташқи сиёсатини юритишда бу борадаги азалий қадриятлар бардавомлигига алоҳида эътибор қаратилаётгани дунё мамлакатлари, жумладан, қўшни Марказий Осиё республикалари билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир. Давлатимиз раҳбарининг куни кеча Туркманистон Республикасига бўлган амалий ташрифи асрлар синовидан ўтиб келган ва бугунги кунда янги босқичда давом этаётган ана шундай дўстлик, қардошлик алоқаларининг яна бир ифодаси бўлди.

    Президентимиз Туркманистон етакчисига отаси Маликгули Бердимуҳамедовнинг вафоти муносабати билан Ўзбекистон халқи ва шахсан ўзи номидан чуқур ҳамдардлик билдирди. Маликгули Бердимуҳамедов туркман халқининг содиқ фарзанди ва ҳақиқий ватанпарвар бўлгани, ўз юртининг равнақига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.

    Туркманистон Президенти ҳамдардлик учун ташаккур изҳор этиб, биродар ўзбек халқи ва унинг етакчиси ушбу мусибатли дамларда далда бўлаётганини юксак баҳолаши ва қадрлашини алоҳида қайд этди. Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари икки томонлама ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Давлатимиз раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни Туркманистон Миллий Кенгашининг Халқ Маслаҳати раиси этиб сайлангани билан табриклади. Бу мамлакат тараққиёти йўлида амалга оширилаётган сиёсат Туркманистон халқи томонидан қатъий қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин далили эканини таъкидлади.

    Пандемия билан боғлиқ мураккаб даврда Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари ижобий суръат билан ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда товар айирбошлаш ҳажми уч баробардан зиёдга кўпайди ва ўтган йил якунларига кўра 530 миллион долларга етди, 150 дан ортиқ қўшма корхона ташкил этилди.

    Шу билан бир қаторда, савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, транспорт, энергетика, машинасозлик, енгил ва озиқ-овқат саноати, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида мавжуд салоҳиятни янада тўлиқ ишга солиш зарурлигига эътибор қаратилди.

    Халқаро транспорт ва транзит йўлагини яратиш тўғрисидаги Ашхобод битимини бундан буён ҳам биргаликда илгари суриш, шунингдек, Хитой – Марказий Осиё – Жанубий Кавказ – Туркия мультимодал йўналишининг самарали ишлатилишини таъминлаш ва транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тамонлар тайёр экани таъкидланди.

    Музокараларда халқларимиз яқинлигининг энг муҳим омили сифатида маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш долзарб экани яна бир бор қайд этилди. Президентимиз Туркманистон раҳбарига унинг халқларимиз ўртасидаги биродарлик муносабатларининг навбатдаги ёрқин рамзи сифатида Ашхобод шаҳрида “Тошкент” боғини ташкил этиш ташаббуси учун алоҳида миннатдорлик билдирди.

    Ҳамкорликни кенгайтириш ва янги “ўсиш нуқталари”ни излаш мақсадида яқин вақтда Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий, илмий-техник ва маданий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон –Туркманистон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказишга қарор қилинди. Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари икки мамлакат халқларининг кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида ўзаро ишонч ва ҳурмат тамойиллари асосидаги стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашда қатъий эканликларини тасдиқладилар.

    Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда бир миллиондан ортиқ туркман миллатига мансуб ватандошларимиз истиқомат қилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсдаги янгиланишлар ва ислоҳотларга улар ҳам ўз ҳиссасини қўшаётир.

    Ишончимиз комилки, бундай борди-келдилар азалий қардошлик ришталаримизни янада мустаҳкамлаш баробарида мамлакатларимизнинг иқтисодиёти юксалишига, минтақада тинчлик-фаровонлик муҳитини мустаҳкамлаш ва ҳамкорлик қирраларини кенгайтиришга муҳим туртки бўлади.

    Зулайҳо АКРОМОВА,

    Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

    Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates