«Ўзатом» агентлиги, Венгрия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги, Венгриянинг MVM EGI Zrt., Pólus компаниялари, OTP Bank Uzbekistan ҳамда Россиянинг «Атомстройэкспорт» АЖ ва «Атомэнергопроект» АЖ вакиллари музокараларда иштирок этди.
Кун тартибидаги асосий масалалардан бири — станциянинг ишончли ва самарали фаолиятини таъминлайдиган муҳим ускуна — «қуруқ» градирняларни етказиб бериш ва ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик моделларини муҳокама қилиш бўлди.
Мулоқотда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, жумладан, эркин иқтисодий зонада қўшма корхона ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу лойиҳада маҳаллий иштирок улушини ошириш ва ҳудудий саноат салоҳиятини ривожлантиришга туртки бўлиши қайд этилди.
Шунингдек, кадрлар салоҳиятини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. MVM EGI Zrt. мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, таълим дастурлари ва амалиёт ташкил этишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Томонлар шундай ҳамкорлик Марказий Осиёдаги энг йирик энергетика лойиҳаларидан бири муваффақиятли амалга ошишига хизмат қилишини таъкидлашди.








