Ўзбекистон ва Япония: ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорлик 

    Коронавирус пандемияси туфайли халқаро миқёсдаги жиддий ўзгаришлар содир бўлаётганига қарамай, Ўзбекистон ва Япония ўртасида икки мамлакатнинг стратегик манфаатларига жавоб берадиган кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

    2020 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Япония Бош вазирининг ўринбосари, Молия вазири Таро Асо иштирокида видеоконференция бўлиб ўтди.

    Суҳбат чоғида қишлоқ хўжалиги, кимё ва энергетика соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ долзарб масалалар кўриб чиқилди. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши кураш ва пандемиянинг иқтисодий оқибатларини бартараф этиш доирасида Япония ҳукуматининг Ўзбекистонга молиявий кўмак бериши масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Шунингдек, инвестицион лойиҳалар доирасидаги кейинги қадамларни амалга ошириш учун Япония молиявий институтларидан қўшимча маблағларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

    Пандемиянинг глобал иқтисодиётга салбий таъсирига қарамай, Токио жаҳонда инвестицион гигант сифатида етакчи ўринни эгаллаб турибди. Биргина 2020 йилнинг апрель ойида Япониянинг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялари 146,5 миллиард долларга етган бўлса, март ойида эса бу кўрсаткич 132 миллиард долларни ташкил этди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Япония дунёда учинчи (4,9 триллион АҚШ доллари), савдо ҳажми бўйича эса тўртинчи ўринни эгаллаб, йиллик импорт ҳажми 700 миллиард доллардан ошади.

    2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон Японияга майиз, қуритилган ўрик ва олхўри каби бир қатор қуруқ мева маҳсулотларини етказиб беришни йўлга қўйди. Япония ҳукумати тарафидан мамлакатга кириб келаётган импорт маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифати учун юқори стандартларни ўрнатилганлигини ҳисобга олсак, импорт рўйхатида Ўзбекистонда етиштирилган маҳсулотлар ҳам мавжудлиги муҳим ютуқдир. Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар ўзбекистонлик экспортчилар маҳсулотнинг таъминоти ва сифати барқарорлигини таъминлашга қодир бўлса, япон истеъмолчиларининг ушбу маҳсулотларга бўлган талаби янада ортади.

    Ўз навбатида, Жаҳон банки ва “Doing Business" халқаро молия корпорациясининг йиллик ҳисоботида Ўзбекистон рейтингининг 166-ўриндан 76-ўринга кўтарилиши Япония ишбилармон доиралари учун ижобий сигналдир. Шу билан бирга, Халқаро молия корпорациясининг баҳосига кўра, Ўзбекистон бизнесни юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича ўнта ислоҳотчи давлатлар қаторига кирди.

    Бугунги кунда Ўзбекистон ҳудудида Япония сармояси иштирокида ташкил этилган ўнлаб корхоналар фаолият кўрсатмоқда, 15 та япон компаниясининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтган. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Япония қўмитасининг фаолияти икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. YOGMEC, Mitsubishi, Itochu, Sumitomo, Marubeni, Isuzu ва бошқа етакчи япон компаниялари Ўзбекистонда ўз фаолиятини олиб бораётгани бунга яққол мисолдир.

    Япониялик ишбилармонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришларни юқори баҳолайдилар. Валюта ва солиқ тизимини либераллаштириш, виза тартибини соддалаштириш каби кўплаб ислоҳотлар Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес учун қўшимча имкониятлар яратганини таъкидламоқдалар. Ҳамкорлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга биринчи расмий ташрифи икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни янги даражага олиб чиқишга хизмат қилганини ва Япония бизнесининг, шу жумладан, кичик ва ўрта бизнеснинг мамлакатда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда янада фаол иштирок этишига туртки бўлганлигини таъкидламоқдалар.

    2019 йилда Япония ишбилармон доиралари билан энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, инфратузилма, экология, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги қатор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун умумий қиймати 6,5 миллиард долларлик шартномалар тузилгани ҳам шундан далолат беради.

    Мутахассисларнинг фикрига кўра, келажакда Ўзбекистон раҳбариятининг инвестиция муҳитини яхшилаш, мамлакатда бизнес юритишнинг барқарор қоидаларини шакллантириш ва транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали япон ишбилармон доираларининг Ўзбекистон бозорига бўлган қизиқиши ортади.

    Энг илғор илмий ва технологик ечимларга асосланган Япониянинг қудратли саноат потенциали ушбу давлатни Ўзбекистон иқтисодий ривожланиши ва технологик модернизациясида ижобий роль ўйнашга қодир муҳим шерикка айлантиради.

    Айниқса, ушбу соҳада ҳамкорлик механизмлари мавжуд бўлиб, томонлар ўзаро ҳамкорликнинг ижобий тажрибасига эгалиги эътиборга лойиқдир. Жумладан, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) билан ҳамкорликда Тошкент давлат технология университетида Ўзбек-япон ёшлар инновация маркази ташкил этилди. Марказ кимё ва нефть, минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, энергия, энергияни тежаш, машинасозлик каби соҳаларда илмий изланишларга ихтисослашган.

    Шу ўринда Тошкентда юқори технологиялар паркини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон ва Япония ўртасида шартнома имзоланиши аҳамиятига тўхталиб ўтиш керак. Ушбу тузилмалар мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим соҳаларини технологик ривожланишини таъминлаш, ёш ва истиқболли кадрлар тайёрлаш учун пойдевор бўлиб хизмат қилади.

    Илм-фан ва технология соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг самарасига яна бир мисол – Япониянинг нуфузли «SATREPS-2020» танловида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва профессор Кристина Тодерич (Тоттори университети, Япония) кўмагида тақдим этилган лойиҳанинг грантга сазовор бўлганлигидир. 2020 йил июнь ойида ушбу лойиҳа Япония фан ва технологиялар агентлиги томонидан танланган 10 та халқаро лойиҳалар ичида энг яхшиси деб топилди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказ Япониянинг 8 университетининг етакчи олимлари билан биргаликда «Оролбўйида шўрланиш билан курашиш, ер унумдорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш бўйича янги технологияларини ишлаб чиқиш» лойиҳасини тақдим этди.

    Япония Ўзбекистонни географик жойлашуви ва иқтисодий салоҳияти жиҳатидан Марказий Осиё минтақасидаги муҳим ҳамкор сифатида кўради. Япониянинг минтақага ажратган умумий ёрдамининг қарийб 57 фоизи Ўзбекистонга тўғри келгани бунинг яққол далилидир.

    Масалан, 1993 йилдан 2019 йилгача JICA дастурлари доирасида 2,52 миллиард доллар миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Шунингдек, 329 талаба Япония университетларида магистратура ва докторантурани ўқитиш учун Япония ҳукумати грантларига сазовор бўлди, 2416 нафар ўзбек мутахассислари Японияда амалиёт ўтаб қайтишди. Японидан 335 кўнгилли мутахассислар Ўзбекистонга япон тили, компьютер технологиялари, бизнесни бошқариш, иқтисодиёт, ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш, спорт, туризм соҳалари бўйича таълим бериш учун юборилган.

    Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) орқали умумий қиймати 1,9 миллиард долларга тенг 7 лойиҳа амалга оширилди, 721 миллион доллар миқдоридаги тижорат кредитлари ажратилган. Шу жумладан Шўртан газ-кимё мажмуасини қуриш учун (622,2 миллион доллар), Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи (59 миллион), Кўкдумалоқ конидаги компрессор станцияси (76 миллион), Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш (83 миллион) учун узоқ муддатли кредитлар ажратилди.

    Шу ўринда, кўплаб лойиҳаларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги ҳам эътиборга лойиқдир. Ушбу лойиҳаларнинг самараси фуқароларнинг турмуш даражасини тўғридан-тўғри яхшилашга хизмат қилади. Коронавирус пандемияси кенг тарқалганига туфайли, Япония мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилишга ёрдам бермоқда.

    17 июнь куни Япония иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш лойиҳаси доирасида Ўзбекистонга 4,6 миллион долларлик компьютер томографияси ва тиббий сканерларини совға қилди. Тиббий контейнерлар мобил клиника сифатида коронавирусга ташхис қўйиш ва даволаш учун ишлатилиши мумкин бўлган технологиялар билан жиҳозланган. Япония томонининг ушбу қадами COVID-19 пандемияси даврида Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан бир неча ой аввал, Япония томони тест тўпламлари ва антивирал препаратлар шаклида инсонпарварлик ёрдамини ҳам тақдим этган эди.

    Жорий йилнинг май ойида Япония Ўзбекистондаги COVID-19 пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий таъсирини бартараф этиш бўйича BMTTD фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1,9 миллион доллар ажратди. Шубҳасиз, ушбу лойиҳа Ўзбекистонда COVID-19 таъсирини юмшатиш, шунингдек барқарор ривожланиш учун шарт-шароитларни яратиш мақсадида олиб борилаётган ишларни амалдаги ижобий таъсирини оширади.

    Япония билан молиявий ва техник ҳамкорлик туфайли мамлакатимизда таълим, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда бир қатор ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалари амалга оширилмоқда.

    Президент Шавкат Мирзиёев ташрифи чоғида имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Япония туризм агентлиги ўртасида 2020-2022 йилларга мўлжалланган туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум» доирасида сайёҳлик соҳаси жадал ривожланаётганини таъкидлаш мумкин.

    H.I.S.Holdings компаниясининг Тошкент ва Самарқандда япон услубидаги меҳмонхоналарни қуриш ва Япониядан сайёҳларни жалб қилиш учун ўз ваколатхонасини очиш бўйича қарори Япония аҳолисининг мамлакатимиз сайёҳлик меросига катта қизиқиш билдираётганидан далолат беради.

    Мутахассисларнинг фикрига кўра, пандемия шароитида туризм соҳасини тиклаш учун маҳаллий тадбиркорлар замонавий япон технологиялари, санитария-эпидемия стандартлари ва хавфсиз туризмни таъминлаш усулларини жорий этишлари мумкин. Масалан, жорий йилнинг июль ойида Япониянинг Global Agentsкомпанияси барча меҳмонхоналарида контактсиз меҳмонларни хизмат кўрсатишни тизимини жорий қилди. Тозалаш хоналарида янги технологияларни қўллаш билан бир қаторда, компания янги иловалар ёрдамида ходимлар ва меҳмонлар ўртасида ижтимоий масофани сақлаб қолган холда хизмат кўрсатиб келяпти.

    Кунчиқар мамлакатнинг улкан молиявий сармоявий ва илмий-техник салоҳияти уни 2017-2021 йилларда Ўзбекистоннинг Ҳаракатлар стратегияси дастурларини амалга оширишда ва мамлакатни кейинги ривожланишида муҳим шериклардан бирига айлантиради.

    Шу муносабат билан айтиш мумкинки, Япония Ўзбекистон учун стратегик ва ишончли шерик бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Япония давлатимизнинг иқтисодиёти ва ижтимоий соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаб келади.

    Умуман олганда, икки мамлакат ўртасидаги дўстона ва ишончли муносабатлар савдо-иқтисодий, инвестицион, илмий-техникавий, маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ва прогрессив ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам ва қулай замин яратади. Икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш Ўзбекистон ва Япониянинг миллий манфаатларига жавоб берадиган сиёсатдир.

    Аброр Мадумаров,

    Мадина Орипова,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходимлари

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates