Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол вафот этди

    Ташвишли хабар 27 сентябр 2022 2185

    Ўзбекистон халқ шоири, таниқли таржимон Жамол Камол бугун 84 ёшида вафот этди.

    Жамол Камол 1938 йили Бухоро вилоятининг Шофиркон туманидаги Читкарон қишлоғида туғилган. Ота-онадан эрта айрилгач, тоғаси қўлида тарбия кўрди. Бухоро педагогика институтининг тарих-филология факультетида таҳсил олди. Ўқишни тугаллаб, шу ерда ўқитувчилик қилди.

    “Бухоро ҳақиқати” вилоят газетасида (1965-1969) ишлади. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтида аспирант бўлиб, “Лирик шеъриятда композиция” деган мавзуда номзодлик диссертациясини ёқлади (1969-1972). Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Бухоро вилояти бўлими масъул котиби (1970-1972), кейинчалик Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимларида фаолият олиб борди.

    Унинг “Олам кирар юрагимга” номли биринчи шеърий тўплами 1968 йилда чоп этилди. Шундан сўнг “Чўққиларга ёғилди ёғду” (1971), “Тош туғён” (1973), “Ҳасан ва ой” (1974), “Қуёш чашмаси” (1975), “Достонлар” (1978), “Тафаккур” (1979), “Сувайдо” (1983), “Умидли дунё” (1988) тўпламлари, 6 жилдлик танланган асарлар тўплами, “Армон”, “Варахша”, “Эшикдаги ой тўлқини”, “Тош туғён”, “Шаҳрибону” каби достонлари нашр этилди.

    Уильям Шекспирнинг “Ҳамлет”, “Отелло”, “Антоний ва Клеопатра”, “Қиш эртаги”, “Венеция савдогари”, “Қирол Генрих IV”, “Макбет” каби ўндан ортиқ драмаларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди.

    Сўнгги йилларда унинг “Аср билан видолашув” (Сайланма, 2007), “Яна кўнглимда уч ой” (2010), “Сафар дафтари” (2012), “Бош устина, бош устина” (2016) сингари бир қатор асарлари чоп этилди. Жалолиддин Румийнинг “Маснавий маънавий” (2002-2004), Ҳазрати Алининг “Девон”и (2006), Фаридиддин Атторнинг ‘Мантиқ ут тайр” (2006) ҳамда “Илоҳийнома”, “Асрорнома”, “Панднома ва булбулнома”, “Ҳикматлар” (2007-7012), Абдураҳмон Жомийнинг “Гулшанингда сўлмасин Гул” (2008), Вильям Шекспирнинг “Сонетлар” (2009), Алишер Навоийнинг “Фоний гулшани” (2011) каби жами йигирма еттита асарни она тилимизга ўгирди. Шунингдек, Радий Фишнинг “Жалолиддин Румий”, Сотим Улуғзоданинг “Фирдавсий” каби романлари таржимаси ҳам Жамол Камол қалами билан ўзбек тилига ўгирилган.

    У публицист сифатида “Маккайи Мукаррама, Мадинайи Мунаввара” (1992), “Буюклардан буюк Муҳаммад алайҳиссалом” (2017) асарини яратиб, исломий маърифат ва маънавиятнинг ривожига ҳисса қўшди.

    Жамол Камол адабиётимиз ривожига қўшган муносиб хизматлари учун 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвонига сазовор бўлган.

    Марҳум бугун – 2022 йил 27 сентябрь куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 17-даҳа 21-уй 27-хонадондан сўнгги манзилга кузатилади. Жаноза аср намозидан сўнг Юнусобод туманидаги Оқтепа масжидида ўқилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates