Лого Лого-пв-уз

    "Энг катта орзуим – иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотини олиш"

    Дьюк университети магистранти, "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиати Абдумалик Абдуқаюмов Нью Йоркда Президентимиз билан учрашувда олган таассуротлари ҳақида сўзлаб берди:

    – Америкада, она Ватанимиздан минглаб чақирим олисда таҳсил олаётган бўлсак-да, мамлакатимиздаги ҳар бир ўзгариш, янгиликдан бохабармиз. Халқимиз ҳаётидаги енгилликлардан қувонамиз.

    Президентимиз учрашувда давлатимиз таълим, тиббиёт, иқтисодиётдаги янгиланишлар натижасини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида ҳис қилиши кераклигини, бу йўлда хорижда ўқиган, йирик компанияларда ишлаб, тажриба орттирган юқори малакали мутахассислар ватанга қайтиб келиши ва бутун салоҳияти билан янги Ўзбекистонни барпо этишда иштирок эта олиши учун барча шароит яратиб берилишини таъкидлади. Бугун шу ердаги ҳар бир ўзбекистонликда кучли Ватан ҳисси ва унинг ривожига ҳисса қўшиш иштиёқини кўриб, жуда хурсанд бўлдим.

    Давлатимиз раҳбари сизлар қаерда бўлманг, ягона Ўзбекистон фарзандлари эканингизни англаб, шу буюк туйғуни эъзозлаб, муносиб бўлиб яшаш, таълим олиш ва меҳнат қилиш мақсадингизга айланиши лозим, дея кўплаб тавсиялар берди. Қийинчиликлардан қўрқмаслигимизни айтди. “Сизларни Ўзбекистонда кутиб қоламиз”, деганида тўлқинланиб кетдим.

    Мен Бухоро вилоятининг Олот туманида математиклар оиласида туғилганман. Қоракўл академик лицейи ўқувчиси сифатида, 2017 йили Бразилияда ўтган халқаро математика олимпиадасида кумуш медални қўлга киритдим. Ўша пайтлари хорижда нуфузли университетларнинг бирида таҳсил олишни жуда ҳам хоҳлаган эдим. Афсуски, оилавий шароитимиз бу орзунинг рўёбга чиқишига йўл бермаган.

    Тошкент давлат иқтисодиёт университетида ўқидим. Айни пайтда АҚШдаги Дьюк университетида иқтисодиёт ва сунъий интеллект йўналишида ўқишни давом эттиряпман.

    Университетда ўқиш жараёнида нафақат АҚШ тажрибасини, балки Англия, Германия ва Франция каби ривожланган мамлакатлардан келган курсдошларимиз орқали ушбу давлатлардаги орттирилган амалий тажрибани ўрганишга муваффақ бўляпмиз.

    Ўқишни тугатгандан сўнг, мамлакатимизга қайтиб, замонавий ахборотни таҳлил қилиш учун мўлжалланган дастурларни яратиб иқтисодий ўсишимизни жадаллаштиришга муносиб ҳиссамни қўшмоқчиман. Иқтисодиёт назарияси ва амалий билимларимни университет талабалари билан бўлишиш орқали уларда ҳам шундай кўникмалар шаклланишига ёрдам бераман.

    АҚШда Президентимиз билан бўлган очиқ мулоқотда биз ҳам иштирок этдик. Биз учун муҳим бўлган мазкур тадбирда хорижда академик фаолиятни тугатганимиздан сўнг, олган билимларимизни янада мустаҳкамлаш учун ўз мутахассислигимиз бўйича Amazon, Microsoft, Apple ёки Morgan Stanley, Жаҳон банки ҳамда йирик компания ва халқаро ташкилотларда стажировкалар ўташ лозимлиги таклифини билдирдим.

    Энг катта орзуим иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотини олиш ва юртимизда кўплаб билимли ва ватанпарвар инсонларнинг етишиб чиқишига ёрдам беришдир. Шунда мен Президентимиз бизга яратиб берган имкониятлардан тўғри фойдаланган, ота-онам, устозларим ва халқимизнинг ишончини оқлаган бўламан.

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates